Суҳбат. Давлат тилига ҳурматни ҳар бир раҳбар ўзидан бошлаши керак шунда кутилган самарага эришилади

Давлат тилига ҳурматни ҳар бир раҳбар ўзидан бошлаши керак шунда кутилган самарага эришилади

Маълумки, мамлакатимизда сўнгги йилларда нафақат давлат тилига эътибор кучайди, балки турли бўғин раҳбарларининг ва масъул лавозимларга тайинланадиган кадрларнинг ўзбек тилини билиш даражасига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу маънода, Президентимизнинг 2020 йил 20 октябрдаги “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатлар бугун авж паллага кирди.

Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 4 февралда “Раҳбар кадрлар ва масъул лавозимларга тайинланадиган шахсларнинг давлат тилини билиш даражасини аниқлаш ва уларга давлат тилини билиш бўйича даража сертификатини бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори қабул қилинди. Қарор билан 2021 йил 1 апрелдан бошлаб ўзбек тили ва адабиёти бўйича билимни баҳолашнинг миллий тест тизими асосида раҳбар кадрларнинг давлат тилида расмий иш юритиш ҳамда масъул лавозимларга тайинланадиган шахслар учун давлат тилини билиш даражасини аниқлаш ва сертификат бериш тизими жорий этилди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти бош мутахассиси Рустам ТУРСУНОВ билан макзкур талаб ва у билан боғлиқ жараёнлар хусусида суҳбатлашдик.

— Шу пайтгача айрим ташкилотлар раҳбарларининг ўзбек тилида қийналиб сўзлашишларига гувоҳ бўлиб келдик. Бу қайсидир маънода таъбни хира қиладиган ҳолат. Эндиликда раҳбарларга ҳам ўзбек тилини билиш талаби қўйилмоқда. Мазкур талаб авваллари фақат қоғозда акс этган бўлса, ҳозир бу масалага жиддий киришилди. Бу жаҳон тажрибасида янгилик эмас, аслида яқин қўшни давлатларда бундай амалиёт анчадан бери мавжуд. Шундай эмасми?

— Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг ўттиз йиллигига бағишланган тантанали маросимда Президентимиз тарихий нутқ ирод этиб, “Ҳар биримиз давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка бўлган эътибор деб, давлат тилига эҳтиром ва садоқатни она ватанга эҳтиром ва садоқат деб билишимиз, шундай қарашни ҳаётимиз қоидасига айлантиришимиз керак. Бу олижаноб ҳаракатни барчамиз ўзимиздан, ўз оиламиз ва жамоамиздан бошлашимиз, она тилимизга, урф-одат ва қадриятларимизга ҳурмат, Ватанга меҳримизни амалий фаолиятда намоён этишимиз керак”, дея таъкидлаган эди. Бас, она тилимиз — миллий маънавиятимизнинг битмас-туганмас булоғи эканини эътироф этар эканмиз, унга муносиб ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш барчамизнинг нафақат вазифамиз, балки муқаддас инсоний бурчимизга айланиши лозим. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра, Давлат тест марказининг dt.dtm.uz алоҳида онлайн платформаси ишлаб чиқилди ва талабгорлар у орқали 2021 йил 1 апрелдан рўйхатдан ўтишни бошлади. Бунинг учун Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази томонидан тавсия этилган мутахассислар ҳамда Давлат тест маркази ходимлари биргаликда Тест топшириқлари формати ва баҳолаш мезонларини ишлаб чиқди. У Давлат тест марказининг Илмийметодик кенгашида тасдиқланди. Бу жаҳон амалиётида қўлланиладиган жараён.

Раҳбар кадрлар ва масъул лавозимларга тайинланадиган шахсларнинг давлат тилини билиши кераклиги Германия, Франция, Россия, Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва бошқа кўплаб давлатларнинг қонунчилигида белгилаб қўйилган. Масалан, Россия Федерациясининг давлат хизматига қабул қилиш ва ҳар қандай давлат хизматининг лавозимини эгаллаш учун зарур бўлган билимларни аниқлаш учун ўтказиладиган тест синовларининг йўналишларидан бири рус тилини билиш бўйича тест синови ҳисобланади. Озарбайжон Республикасида эса Давлат хизматига қабул қилинадиган шахслар бошқа йўналишлар билан бир вақтда давлат тилини билиш бўйича имтиҳондан ўтади. Синов ўтказиладиган барча йўналишлардан ижобий натижа кўрсатган талабгорларга тегишли тартибда сертификат берилади ва давлат хизматига тавсия этилади.

— Ўзбекистонда бу жараённи амалга ошириш механизмлари қандай омиллар асосида такомиллаштирилди?

— Тест топшириқлари давлат тилида иш юритиш ўқув дастурига кўра, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида шакллантирилмоқда. Топшириқларда талабгорнинг публицистик, илмий-оммабоп ва расмий матнни ўқиб тушуниш ҳамда имло қоидаларини тўғри қўллай олиш кўникмалари баҳоланади. Айтиш керакки, раҳбар кадрларнинг ҳамда масъул лавозимларга тайинланадиган шахсларнинг давлат тилида расмий иш юрита олиш даражасини аниқлаш тизими одатдагиларидан фарқ қилади. Бунда саволлар “ёпиқ” ва “очиқ” турларга бўлинган. Ёпиқ тест — талабгорга бир нечта жавоб вариантлари билан бериладиган топшириқлар. Талабгорга тест синовида ўқиб тушуниш, ёзма адабий меъёрлар, яъни имло қоидалари, сўз ва қўшимчаларни қўллашга оид ҳамда тиниш белгиларининг ишлатилиш ўринлари юзасидан ёпиқ тестлар берилади. Бунда талабгордан тўғри жавобга эга муқобил жавобли топшириқларни ишлаши талаб этилади. Очиқ тестда эса муқобил жавоб вариантлари берилмайди, яъни талабгор томонидан жавоблар варақаси қисқа ёки кенгайтирилган шаклда ёзиб тўлдирилади. Шунингдек, имтиҳон топширувчи расмий ҳужжатни шакллантира олиши ва бугунги кундаги долзарб ва раҳбарлик фаолиятига оид мавзуларда эссе ёза олиши керак. Бошқача айтганда, давлат тилида фикр баён қилиш кўникмалари ҳам синовдан ўтказилади.

Синов вариантлари ҳозирда 14 та вазирлик ва идораларнинг масъул лавозимларда фаолият юритувчи раҳбар ходимлари иштирокида Давлат тест марказида апробациядан ўтказилди. Апробация натижаларига кўра, тест вариантининг ишончлилик коэффициенти 0,818 ни кўрсатди (ишончлилик коэффициентига қўйилган мезонларга асосан натижа 0,8 дан юқори бўлса, тест топшириқларининг ўзаро ички мувофиқлиги яхши даражада деб баҳоланади). Апробация натижалари мутахассислар томонидан таҳлил қилиниб, тегишли тавсиялар берилди. Ҳозирда берилган тавсиялардан келиб чиққан ҳолда, тест топшириқлари такомиллаштирилмоқда.

2021 йил 5 май куни республикамизнинг барча ҳудудларида рўйхатдан ўтган талабгорлар тест синовларини топширишлари режалаштирилган. Бунда тест синовлари ҳудудлардаги олий таълим муассасалари аудиторияларида карантин талабларига қатъий риоя қилинган ҳолда, Давлат тест марказининг ҳудудий бўлимлари томонидан ташкиллаштирилади. Тест топшириқлари ҳудудларга Давлат фельдъегерлик хизмати томонидан етказилади.

Тест синовлари Давлат тест маркази томонидан анъанавий шаклда, тўлиқ видеокузатув остида ўтказилади. Жараён тўғридан-тўғри интернет орқали трансляция қилиб борилади. Келажакда эса тест синовларини компьютерда онлайн тарзда ўтказиш ҳам кўзда тутилган. Бу борада Давлат тест маркази томонидан тегишли ишлар амалга оширилмоқда.

— Шу ўринда қарорда қайд этилган “раҳбар кадрлар” ва “масъул лавозимларга тайинланадиган шахслар” тушунчаларига изоҳ берсангиз? Шу билан бирга, мазкур қарор давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида кимдан тортиб, кимгача тааллуқли, яъни бу борада лавозим “чегараси”ни қандай очиқлайсиз? Умуман, ҳужжатда келтириб ўтилган “раҳбар кадрлар” ва “масъул лавозимларга тайинланадиган шахслар” учун тест синовидан ўтиш талаблари бир хилми?

— Жуда ўринли савол бердингиз. Демак, раҳбар кадрлар деганда, Вазирлар Маҳкамаси, вазирликлар, давлат қўмиталари, қўмиталар, марказлар, инспекциялар ва бошқа давлат бошқаруви органлари раҳбарлари ва раҳбар ўринбосарлари тушунилади. Масъул лавозимга тайинланадиган шахслар деганда эса ташкилотларнинг марказий аппарати таркибий бўлинмалари раҳбарлари ва раҳбар ўринбосарлари ҳамда бошқа бошқарув ходимлари, яъни бошқарма бошлиқлари, бўлим бошлиқлари ва бош мутахассислар назарда тутилади.

Умуман олганда, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорида давлат тилини билиш даражасини аниқлаш лозим бўлган масъул лавозимлар рўйхати кўрсатиб ўтилган. Бунда улар икки тоифага ажратилган:

1. Вазирлар Маҳкамаси ва давлат бошқарув органлари бўйича: — Вазирлар Маҳкамаси ҳамда вазирликлар, давлат қўмиталари, қўмиталар, марказлар, инспекциялар ва бошқа давлат бошқаруви органлари раҳбарлари, раҳбар ўринбосарлари, марказий аппарати таркибий бўлинмалари раҳбарлари, раҳбар ўринбосарлари ва бошқа бошқарув ходимлари.

— Давлат бошқаруви органларининг ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари, раҳбар ўринбосарлари ва бошқа бошқарув ходимлари.

— Давлат бошқаруви органларининг тизимидаги бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари, раҳбар ўринбосарлари ва бошқа бошқарув ходимлари.

2. Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари бўйича:

— Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, шунингдек, туман (шаҳар) ҳокимлари ҳамда уларнинг ўринбосарлари.

— Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, шунингдек, туман (шаҳар) ҳокимликлари таркибий бўлинмалари раҳбарлари, уларнинг ўринбосарлари ҳамда бошқа бошқарув ходимлари.

Мисол сифатида бирор вазирликни оладиганбўлсак, вазирдан тортиб бош мутахассисгача бўлган барча бошқарув ходимлари мазкур тест синовларида иштирок этишлари керак бўлади.

Тест синовидан ўтиш талабларига келсак, раҳбар кадрлар ва масъул лавозимларга тайинланадиган шахслар учун тест синовидан ўтиш талаблари бир хил.

— Агар талабгор тест синовида етарли балл тўплай олмаса, у қайта имтиҳон топширгунга қадар унинг иш ўрни вакант бўлиб турадими ёки у лавозим вазифасини бажаришга киришаверадими? Ёки дейлик, буйруқ чиқиб лавозимга тайинланган шахс (анъанавий) ва энг юқори Раҳбарият томонидан фавқулодда лавозимга тайинланган шахс учун(ноанъанавий) тестдан ўтиш тартиби нимаси билан фарқ қилади?

— Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорида тест синовида етарли балл тўплай олмаган талабгор лавозимдан озод этилиши ёки у қайта имтиҳон топширгунга қадар унинг иш ўрни вакант бўлиб туриши тўғрисида алоҳида талаб белгиланмаган

Бироқ талабгорлар тест синовидан ўта олмаса, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш марказида давлат тили бўйича малака оширади ва қайта тест синовларида иштирок этади.

Тест синовларида бир неча бор иштирок этса ҳам ижобий натижага эриша олмаган талабгорлар ҳақидаги маълумотлар Давлат тест маркази томонидан умумлаштирилган ҳолда Вазирлар Маҳкамасига юборилади. Юборилган маълумотлар раҳбарият томонидан кўриб чиқилиб, тегишли қарор қабул қилинади.

— Талабгорлардан тест синовларида иштирок этиш учун нималар талаб этилади? Улар тест санасигача қандай босқичлардан ўтишлари керак?

— Тестдан ўтиш тартибининг ўзига яраша талаблари ишлаб чиқилган. Онлайн рўйхатдан ўтиш бўйича барча вазирлик ва идораларга йўриқнома тақдим этилган. Талабгорларга қулайлик яратиш мақсадида платформада рўйхатдан ўтиш бўйича йўриқнома ҳамда видеоролик ҳам жойлаштирилган.

Аввало, рўйхатдан ўтиш учун талабгор dt.dtm. uz платформасига кирганда, дастлаб телефон рақамини тасдиқлаш ойнаси чиқади. Талабгор томонидан телефон рақами киритилганда, унинг телефон рақамига тасдиқлаш учун СМС хабар юборилади. Тасдиқлаш ойнасига СМС хабарда юборилган 5 хонали рақам киритилиб, телефон рақами тасдиқланади. Шундан сўнг, тизимга паспорт ёки ID маълумотлари (жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами, паспорт серияси ва рақами) киритилади. Агар талабгорнинг маълумотлари Ягона миллий меҳнат тизимида мавжуд бўлмаса, у ишлайдиган ташкилот томонидан маълумотлар мазкур тизимга киритилиши лозимлиги тўғрисида хабарнома чиқади. Маълумотлар киритилгач, талабгор рўйхатдан ўтишни давом эттириши мумкин бўлади.

Агар талабгорнинг маълумотлари тизимда мавжуд бўлса, тест топшириш худуди танланади. Шундан сўнг, унга шахсий кабинет яратилади ва унинг маълумотлари ҳақиқатан ҳам лавозимга тавсия этилганини текшириш ва тасдиқлаш учун Ягона миллий меҳнат тизими орқали талабгор ишлайдиган ташкилотга юборилади. Улар текширилиб, тасдиқлангандан сўнг, талабгорнинг шахсий кабинетида аризаси қабул қилинганлиги ҳақидаги маълумот пайдо бўлади.

Талабгорларни рўйхатга олиш жараёни тўлиқ якунлангандан сўнг, уларнинг шахсий кабинетида тест топшириш жойи ва вақти кўрсатилган рухсатнома шаклланади ҳамда бу тўғрида унинг телефон рақамига СМС хабар юборилади.

— Имтиҳон пулликми ёки бепул ташкил этиладими? Агар пуллик бўлса, тўлов қандай амалга оширилади?

— Тест синовлари бепул ташкил этилади. Лекин тест синовидан ўта олмаган ва синовларда қайта иштирок этадиган талабгорлар рўйхатдан ўтиш вақтида базавий ҳисоблаш миқдорининг 1,5 баравари миқдорида тўловни амалга ошириши лозим. Бунинг учун талабгорга рўйхатдан ўтиш вақтида 14 хоналик рақамдан иборат инвойс шакллантирилади. Давлат тест марказининг махсус платформаси Ягона биллинг тизимига интеграция қилинган бўлиб, тўловни Click, Payme, Upay ва Paynet каби электрон тўлов тизимлари ёки банк кассалари орқали амалга ошириш мумкин.

Шунингдек, тест синовида қайта иштирок этувчилар Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш марказида давлат тили бўйича малака оширган бўлишлари ва бу тўғрисида сертификат олишлари зарур. Талабгор ҳақиқатан ҳам малака ошириш курсида иштирок этиб, сертификат олганлигини текшириш учун унинг маълумотлари Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш марказига юборилади. Марказ томонидан талабгорнинг малака оширганлиги тасдиқлангандан сўнг, талабгорнинг шахсий кабинетида аризаси қабул қилинганлиги ҳақидаги маълумот пайдо бўлади.

— Имтиҳонлар қаерда ташкил этилиши ва имтиҳон натижалари қачон эълон қилиниши ҳақида ҳам маълумот берсангиз.

— Тест синови республикамизнинг барча ҳудудларида ташкил этилади. Бунда талабгор рўйхатдан ўтиш вақтида имтиҳон топшириш ҳудуди сифатида қаерни танлаган бўлса, ўша ҳудуддан тест синовида иштирок этади.

Натижалар тест синови якунлангандан сўнг (ёпиқ тестлар 3 кун, очиқ тестлар 15 кун ичида) эълон қилинади ва энг юқори баллнинг камида 70 фоизини тўплаган шахсларга сертификат берилади. Бунда талабгор сертификатни шахсий кабинети орқали электрон тарзда юклаб олади. Мазкур жараёнларнинг барчаси электрон тарзда амалга оширилади.

— Дейлик, масъул лавозимда фаолият кўрсатиб келаётган шахс сертификат олгач, 2 йилдан кейин раҳбарликка тайинланди. Сертификатнинг қолган 3 йили билан фаолиятини давом эттира оладими?

— Аввал олган сертификати амал қилиш муддати 5 йил, демак, мазкур давр давомида номзод қайта имтиҳон топшириши талаб этилмайди. Яъни бошқа лавозимга ўтганда ҳам фаолиятини давом эттира олади.

— Тест топширувчилар ўз натижаларини қандай билади? Агар талабгор жавоблар натижасидан қониқмаса, қаерга мурожаат қилиши мумкин?

— Тест натижалари Давлат тест марказининг махсус платформасида, яъни dt.dtm.uz сайтида эълон қилинади. Талабгор сайтга кириб, шахсий кабинетидан ўз натижаларини билиши мумкин.

Агар талабгор ўз жавоблари натижасидан қониқмаса, тест натижалари тўлиқ эълон қилинган кундан бошлаб 5 иш куни ичида апелляция аризасини бериши мумкин. Бунда талабгорнинг аризаси апелляция аризаларини қабул қилиш тўлиқ якунлангандан сўнг унинг иштирокида 3 иш куни ичида кўриб чиқилади.

— Албатта, ушбу катта жараёнга тайёргарлик кўриш, қонуний асосларини яратиш мобайнида мутахассислар фикри ва юқорида таъкидланганидек, хориж тажрибаси чуқур ўрганилган. Савол шуки, мазкур чоратадбирлардан қандай самара ва натижалар кутиш мумкин?

— Аввало, шуни айтиб ўтишим керакки, бу — жорий қилинаётган янги тизим. Шундай экан, дастлабки босқичда айрим камчилик ва хатолар бўлиши мумкин. Амалиёт давомида бу тизим такомиллаштириб борилади. Зеро, Вазирлар Маҳкамасининг қарорида ҳам ушбу жиҳат эътиборга олинган. Яъни ҳужжатда “Давлат тест маркази Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда 2022 йил 1 январга қадар 2021 йил якунлари бўйича тест жараёнлари натижаларини пухта таҳлил қилган ҳолда, мазкур тизимни янада такомиллаштириш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига асослантирилган таклифларни киритиши” кўрсатиб ўтилган.

Мақсад эса аён — ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини юксалтиришда юқори натижаларга эришиш. Ўзбек тилини сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавиймаърифий ва бошқа соҳаларда қўллаш доираси кенгайиб, ундан давлат тили сифатида тўлиқ ва тўғри фойдаланиш таъминланади. Бундан ташқари, давлат органлари ва ташкилотлари раҳбар ходимларига давлат тилини талаб даражасида билиш ва унга ҳурмат билан муносабатда бўлиш мажбурияти юкланади, барча давлат органлари ва ташкилотларида давлат тилида иш юритиш салоҳиятига эга бўлган малакали кадрлар фаолият кўрсата бошлайди.

Яна бир мулоҳаза: айрим раҳбарларимиз тест топшириш жараёнига муаммо сифатида қараётгандек, назаримда. Бундай эмас, масалага муаммонинг ечими сифатида қараш лозим. Чунки аслида давлат тилини билмаслик ва давлат тилида тўғри иш юрита олмаслик муаммо, аммо давлат тилини ўрганиш, ўзлаштириш ушбу муаммонинг ечими бўла олади.

Мухтасар айтганда, раҳбарлар, у қайси ташкилот раҳбари бўлишидан қатъий назар, давлат тилига ҳурматни ўзидан бошласа бутун тизим унга эргашади, улги олади.

“Янги Ўзбекистон” мухбири Нодир МАҲМУДОВ суҳбатлашди.

yuz.uz