Янгиланаётган Ўзбекистоннинг янги авлодини шакллантириш концепцияси

Янгиланаётган Ўзбекистоннинг янги авлодини шакллантириш концепцияси

Ҳар қандай давлатнинг барқарор тараққиёти, муайян ютуқларга эришиши ва халқи фаровонлиги, аввало, ёшлар таълим-тарбияси ва келажагига эътибор даражаси билан чамбарчас боғлиқ. Аҳолисининг салмоқли қисмини ёшлар ташкил этадиган Ўзбекистон учун эса бу вазифа икки карра муҳим.

Зеро, бугунги ёшлар эртамизнинг эгаси, юртимизнинг стратегик кучи, халқимизнинг олтин фонди, миллатимизнинг янги тафаккуридир. Шу маънода, мамлакатимизда ёшлар масаласига давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида алоҳида аҳамият қаратиб келинади.

Айниқса, сўнгги тўрт йил юртимиз ёшлари ҳаётида туб бурилиш даври бўлди, десак асло муболаға бўлмайди. Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти сифатида имзолаган биринчи қонун 2016 йил 14 сентябрдаги «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги қонун эканида ҳам рамзий маъно бор. Қолаверса, охирги йилларда ёш авлоднинг билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, доимий иш билан таъминланиши, тадбиркорлик билан шуғулланиши, ўз истеъдодини намоён этиши учун барча шароит ва имкониятлар яратилмоқда.

Олий Мажлис Сенатида Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси, Қонунчилик палатасида Ёшлар масалалари бўйича комиссия, Олий Мажлиснинг ҳар икки палатаcи қошида «Ёшлар парламент»и ташкил этилгани иқтидорли, интилувчан йигит-қизларнинг ижтимоий-сиёсий жараёнларда бевосита иштирок этиши учун кенг имконият яратмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги, Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти, Инновацион ривожланиш вазирлиги қошида Ёшлар академияси каби институционал тузилмалар ташкил этилиши улар билан боғлиқ соҳа ва йўналишларда стратегик йўналишларни белгилаш, олиб борилаётган ишларни тизимли йўлга қўйиш имконини бермоқда.

Мамлакатимиз аҳолисининг 18,9 мильлион нафари ёки 54 фоизи 30 ёшгача бўлган ёшлар ва болалар эканини инобатга олсак, мазкур қатлам манфаатларини ҳи моя қилиш ва кузатилаётган долзарб масалаларнинг назарий-амалий ечимини топиш ғоят муҳим вазифа экани аён бўлади.

2019 йил 19 март куни давлатимиз раҳбари томонидан ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш, ёш авлодга эътиборни янада кучайтириш, уларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмасини шакллантириш, юртимиз ёшлари ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини ошириш масалаларига алоҳида урғу бериш мақсадида 5 та муҳим ташаббус илгари сурилгани янги Ўзбекистонни бунёд этишда ёшлар таълим-тарбияси бўйича янги босқични бошлаб берди.

Беш ташаббус нозик дид, кенг тафаккур ва дунёқарашга эга, жисмонан ва руҳан соғлом фарзандларимизнинг ўз келажагини ишонч билан қуриши ҳамда Ватан равнақига ҳисса қўша оладиган етук инсон бўлиб камолга етиши учун мустаҳкам заминдир. Беш ташаббус янгиланаётган Ўзбекистоннинг янги авлодини шакллантириш консепсияси бўлиб хизмат қилмоқда, десак муболаға бўлмайди. Беш ташаббусни амалга ошириш негизида ёшларни маънавий, иқтисодий, маърифий «уйғотиш», жамиятда ўз ечимини кутаётган ижтимоий «хасталиклар»ни «даволаш» амалиёти кўзда тутилган.

Ушбу 5 ташаббус халқимиз, айниқса, ёшларимиз томонидан катта қизиқиш билан кутиб олиниб, умумхалқ ҳаракатига айланди. Ташаббус дастлаб Бўка, Қуйи Чирчиқ ва Учтепа туманларида тажриба сифатида жорий этилиб, яна 42 та туман (шаҳар)нинг 168 та олис ва оғир аҳволдаги маҳаллаларида муваффақиятли амалга оширилди. Шунингдек, Андижон, Қашқадарё, Сирдарё, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳрида ёшларнинг стартап лойиҳаларини ривожлантиришга қаратилган IT парклар бунёд этилди.

Бугунги кунга қадар ташаббуснинг мамлакатимиз ёшлари ҳаётига кенг кириб боришини таъминлашга қаратилган қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан:

Биринчи ташаббус бўйича ёшларнинг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санʼатнинг бошқа турларига қизиқишини ошириш бўйича юртимиздаги 826 та маданият марказида 4522 та тўгарак фаолияти йўлга қўйилиб, уларга 1762 та мусиқа жиҳози етказиб берилди. Тўгаракларга 52965 нафар ёш жалб қилинди. Умумтаълим мактабларида тасвирий санъат ва мусиқа йўналишидаги 36503 та тўгаракка 1,1 миллион нафар (18 фоиз) ўқувчи-ёш жалб қилинди. 10 мингдан ортиқ мусиқа жиҳозлари етказиб берилди.

Иккинчи ташаббус доирасида ёшларни жисмоний чиниқтириш ва уларнинг спорт соҳасидаги қобилиятини намоён этиши учун зарур шароит яратиш бўйича 51651 та спорт иншоотида 100 мингдан ортиқ спорт тўгараклари ташкил этилиб, уларга 1,5 миллион нафар ёш қамраб олинди. Умумтаълим мактабларида 10 та спорт тури бўйича 49196 та спорт тўгараги фаолияти йўлга қўйилиб, 1,2 миллион нафар ўқувчи мунтазам шуғулланиб келмоқда.

Шунингдек, 254 та Болалар ва ўсмирлар спорт мактабига 328 875 нафар, спорт тур ларига ихтисослаштирилган 54 та болалар ва ўсмирлар спорт мактабига 33 438 нафар ўқувчи-ёш жалб қилинди. Спорт иншоотлари, Болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари ҳамда умумтаълим мактабларига умумий қиймати 25 миллиард сўмлик спорт жиҳозлари, инвентарлар ва кийимлар етказиб берилди.

Учинчи ташаббус бўйича компьютер технологиялари ва интернетдан фойдаланишни ташкил этиш мақсадида 107 та «Рақамли технологиялар ўқув маркази» фаолияти йўлга қўйилгани ҳам ёшларимиз учун янги имкониятлар эшигини очмоқда. Шунингдек, «Бир миллион дастурчи» каби ўнлаб йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ҳозирги кунда умумтаълим мактабларида 14940 та компютер синфлари мавжуд бўлиб, уларда Ахборот технологиялари йўналишида 14 765 та тўгарак ташкил этилган ва 510 минг нафарга яқин (8 фоиз) ўқувчи жалб қилинган.

Тўртинчи ташаббус бўйича ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар орасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича ҳам кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Юртимизда фаолият олиб бораётган 201 та ахборот-кутубхона марказида 16,3 миллион китоб фонди мавжуд бўлиб, аъзолари сони 1,2 миллион нафар. Ҳудудлардаги ахборот-кутубхона марказларига 400 миллион сўмлик жами 150 мингдан ортиқ китоблар етказиб берилди.

Наманган вилоятида «Нодирабегим» номидаги ахборот-кутубхона марказини капитал таъмирлаш ва ободонлаштириш учун 2 миллиард сўм, Фарғона вилояти, Қувасой шаҳри, Қува ва Ёзёвон туманлари ахбороткутубхона марказлари учун 245 миллион сўм маблағ ажратилди.

Умумтаълим мактаблари кутубхоналарида 18,6 миллион нусха адабиёт фонди мавжуд бўлиб, аъзолари сони 4,1 миллион нафар. 14488 та китобхонлик клуби фаолияти йўлга қўйилиб, уларга 582 минг нафардан ортиқ ўқувчи жалб қилинди.

Ёшлар маданиятини юксалтириш, улар орасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш мақсадида «Китобхон ёшлар», «Энг фаол китобхон», «Тез ўқиш», «Китоб менинг дўстим», «Ёш китобхон», «Ёш ижодкорлар», «Китобхон оила», «Ёш билимдонлар», «Қодирийлар», «Билимдон юлдузлар», «Кичик файласуфлар», «Билимдон» номли лойиҳа ва танловлар амалга оширилди. Жумладан, «Маърифат карвони» тадбирлари доирасида ёшларга 3 миллиондан ортиқ китоб етказиб берилди. «Ёшлар кутубхонаси» рукни остида 59 номдаги 590 минг дона бадиий адабиёт чоп этилиб, барча таълим муассасалари кутубхоналарига тарқатилди.

Бешинчи ташаббус доирасида хотин-қизларнинг касб кўникмасини мустаҳкамлаш, ҳаётда муносиб ўрин эгаллаши, уларни доимий иш билан банд қилиш мақсадида 75 та туманда 111 та тикув-трикотаж ишлаб чиқариш корхонаси ташкил этилди. Уларга жами 35 минг нафар аёл ишга жойлаштирилди. Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ишларини тизимли ташкил этиш йўналишида ўтган давр мобайнида 170 мингга яқин иш ўрни яратилди. Тижорат банклари ҳамда Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағлари ҳисобидан 172 мингдан ортиқ хотин-қизга 4,9 триллион сўм кредитлар ажратилди.

2020 йилда 76,2 миллиард сўм имтиёзли маблағлар эвазига 76198 нафар хотин-қиз иш билан таъминланди. Шунингдек, 15 935 нафар хотин-қиз касб-ҳунарга ўргатилди. Юртимизнинг барча ҳудудларида Хотинқизлар тадбиркорлик марказлари ташкил этилди.

2021 йилнинг мамлакатимизда «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» деб эълон қилиниши, бу йўналишда Давлат дастури қабул қилингани ёшлар учун янада кенг имкониятлар эшигини очди. Айни пайтда беш ташаббус доирасида амалга оширилаётган ишлар давомийлигини таъминлаш учун ҳам хизмат қилмоқда.

Президентимиз раислигида жорий йил 27 январь, 10 февраль ва 13 апрель кунлари бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишларида ёшлар бандлигини таъминлаш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш борасидаги муҳим вазифалар белгилаб берилиши ёшлар масаласи доимий эътиборда эканидан далолатдир.

Афсуски, жойларда ҳали-ҳамон 5 ташаббус моҳиятини чуқур англаб етмаган, ёшлар муаммоларига беписанд муносабатда бўлаётган, иқтидорли ёшлар тақдирига беэътибор қараётган мутасаддилар оз бўлсада, учраб турибди.

Мухтасар айтганда, беш ташаббус ёш авлод онгига замонавийлик руҳини сингдириш, уларни яратувчанликнинг янги йўналишларига бошлашда асосий омил вазифасини бажармоқда. Ҳозирги Ўзбекистон сиёсати ёшларнинг айни ўзига хослигини тўғри йўлга йўналтириш, эзгу мақсадни қатъий қўйган ҳолда унга интилиш ва имкониятлардан самарали фойдаланишни кўзда тутади. Яратилган барча имтиёз ва имкониятлардан фақат фаол, ташаббускор, иқтидорли ёшлар эмас, барча ёшлар тенг фойдаланиши зарур. Зеро, бугун камол топаётган ёшлар йиллар ўтиб давлатимизнинг эртанги тараққиётини, халқаро майдондаги ўрнини белгилашда етакчи кучга айланиши, шубҳасиз.

Элдор ТУЛЯКОВ, «Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори

yuz.uz