Фарзандлари соғлом юртнинг келажаги мустаҳкам

Фарзандлари соғлом юртнинг келажаги мустаҳкам
 

Бугун Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Болалар миллий тиббиёт марказида “Ўзбекистонда болалар онкология ва гематологияси хизматини халқаро стандартларга мос равишда ривожлантириш босқичлари” мавзуида матбуот-анжумани ўтказилди.

Мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида бугунги кунда амалга оширилаётган туб ислоҳотларнинг болалар саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган йўналиши сўнгги тўрт йилда Президентимизнинг шахсий назорати остида бўлиб, давлат сиёсати даражасига кўтарилган.

Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида айнан гематология ва онкология хизматини, жумладан, болалар гематологияси ва онкологияси соҳасини такомиллаштириш устувор вазифалардан эканлигини таъкидлаб ўтди. Аҳоли саломатлиги учун келгуси йилда онко-гематология соҳаси ҳамда даволаш қийин бўлган касалликлар бўйича мураккаб диагностика ва тиббий амалиётлар учун бюджетдан 250 миллиард сўм ажратилиши белгиланди.

Берилган вазифалар ижросини юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Болалар миллий тиббиёт марказида “Ўзбекистонда болалар онкология ва гематологияси хизматини халқаро стандартларга мос равишда ривожлантириш босқичлари” мавзуида матбуот-анжумани ўтказилди.

Бутун жаҳонни қамраб олган пандемия мураккабликларига қарамай,       2020 йилда ҳам давлат бюджетидан онкологик дори-дармонлар учун 5,5 миллион АҚШ долларидан ортиқ маблағ ажратилганлиги ҳам сўнгги йилларда мамлакатимизда болалар саломатлигигиа жиддий эътибор қаратилаётганлигидан далолат беради.

— Кимёвий дори воситалари билан таъминлаш кўрсаткичи аввал 10-15 фоиз бўлган бўлса, бугунга келиб, бу кўрсаткич 85 фоизга яхшиланди, — дейди Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситханова.

Ҳозирда болалардаги ўткир лейкозларда халқаро даволаш протоколлари нафақат пойтахтимизда, балки вилоятлардаги даволаш муассасаларида ҳам татбиқ этилмоқда. Натижада болалар орасидаги ўткир лимфобласт лейкозларда ҳаёт сифатининг яхшиланиши 75 фоизни, ўткир миелобласт лейкозларда 45 фоизни ташкил этмоқда. Бу эса, ўз навбатида, юзлаб оилаларга боланинг соғлом табассуми орқали бахт олиб кириши аниқ. Энг муҳими, соҳадаги ислоҳотлар жаҳон стандартларига мос бўлишининг барча чоралари кўрилмоқда. Шифокорларимиз ўзларининг чет эллик ҳамкасблари билан ягона илмий тилда доимий мулоқот олиб бормоқда. Охирги тўрт йилда бу соҳадаги мутахассисларимиз Туркия, Корея, Япония, Германия, Россия, Австрия, Финляндия, Беларус Республикаси каби қатор давлатларнинг йирик марказларида малака ошириб келди. Натижада, текшириш ва даволаш усуллари Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган “Текшириш ва даволаш стандартлари” асосида олиб борилмоқда. Бу стандартлар халқаро ESMO, NCCN, RUSSCO ташкилотлари стандартлари асосида тайёрланган, тасдиқланган ва янгиланиб борилади.

Болалар гематология ва онкологияси соҳасидаги ислоҳотлар жадал ва мунтазам давом этмоқда. Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 27 августда тасдиқланган “2020 – 2022 йилларда болаларга кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини янги босқичга кўтаришга йўналтирилган чора-тадбирлар режаси”га асосан, барча ҳудудлардаги болалар кўп тармоқли марказларида ягона умумлаштирилган бўлимлари фаолиятининг ташкил этилиши, “Болалар гематология ва онкологияси” йуналишида магистратура, ихтисослаш ва малака ошириш курслари дастури асосида кадрлар тайёрланиши борасида ишлар жадал олиб борилмоқда.

— Болалар онкологияси соҳасидаги ислоҳатлар дастлаб Болалар миллий тиббиёт марказида, халқаро стандартлар асосида бошланди, — дейди Марказ онкология бўлими бошлиғи Камол Искандаров. — Яқин истиқболда ушбу марказимиз тажрибаси ҳудудлардаги болалар кўп тармоқли марказларида ҳам жорий этилади. Ҳозирда болалар миллий тиббиёт маркази таркибидаги умумлаштирилган болалар гематология ва онкология бўлими таркибидаги ўринлар сони 60 тага етказилди. Бугунги мақсад — болалар гематологияси ва онкологияси соҳасидаги ислоҳотларнинг аниқ вазифалар белгиланган навбатдаги босқичига ўтиш. Ўзбекистонда болалар онкология ва гематологияси соҳасида, тиббиёт тили билан айтганда, мультидисциплинар ёндашув белгиланмоқда, популяцион ва госпитал канцер-регистрларини шакллантириш, даволаш протоколларида замонавий молекуляр, цитогенетик текширув ва илик трансплантацияси қўлланилиш, ўзак хўжайралари банкини шакллантириш бўйича изланишлар олиб борилмоқда, паллиатив ёрдам тизимининг фаолияти йўлга қўйилмоқда. Бу эса беморларни соғлом ҳаётга қайтариш кўрсаткичларини янада оширишга асос бўлиши шубҳасиз.

Матбуот анжуманида ҳозирги кунда “Республикада болалар гематология ва онкологияси хизматини ривожлантириш ва бу соҳада тиббий ёрдам кўрсатишни янада такомиллаштириш бўйича йўл харитаси” ишлаб чиқилганлиги айтиб ўтилди. Мисол тариқасида йўл харитаси доирасида;  гематология ва онкология йўналишида бемор болалар учун замонавий канцер регистрларни яратиш ва татбиқ этиш, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари оилавий шифокорлари учун болаларда гематологик ва онкологик касалликларни эрта аниқлашга қаратилган методик қўлланмалар ишлаб чиқиш ва амалда жорий этиш ҳамда оғир гематологик ва онкологик касалликлар билан хасталаган болаларга паллиатив ёрдам кўрсатиш тизимини яратиш каби долзарб вазифалар белгиланган. Уни ишга тушиши натижасида кўплаб ишлар амалга оширилади ва касалликка чалинган болалар соғломлаши даражасиг сезиларли даражада ошади.

Анжуманда охирги тўрт йил давомида давлатимиз раҳбари томонидан кўрсатилаётган эътибор туфайли, амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида гематологик ва онкологик хизмат мутлақо янги босқичга кўтарилаётганлиги мутаҳассислар томонидан таъкидлаб ўтилди.

Гулчирой ИСОҚОВА yuz.uz