Sport yangiliklari

Баҳодир Махситов Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси этиб сайланди

 

Бугун Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигида Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгашининг навбатдан ташқари конференцияси бўлиб ўтди.

Унда ташкилий масала, яъни Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгашининг собиқ раиси Комилжон Худойбергановнинг вафоти муносабати билан Кенгашга янги раис сайлаш масаласи кўриб чиқилди.

Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгашининг навбатдан ташқари конференциясида Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Равшан Эрматов, Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Касимов, ўзбек спорти довруғини дунёга ёйишга ўзларининг муносиб ҳиссасини қўшган спорт фахрийлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Йиғилиш аввалида Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Р.Эрматов сўзга чиқиб, бугун мамлакатимиз спортчиларининг халқаро майдонларда қўлга киритаётган муваффақиятлари замирида бой ҳаётий тажрибага устозларнинг ўрни беқиёс эканлигини, қолаверса халқимизда устозлар ва фахрийларга ҳамиша ҳурмат кўрсатилишини мамнуният билан таъкидлади.

Конференцияга раислик қилган МОҚ Бош котиби О.Касимов Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгашининг собиқ раиси, марҳум Комилжон Худойберганов ҳақида илиқ фикрлар билдирди. Шу ерда Комилжон Худойбергановнинг умр йўли акс этган видеолавҳа намойиш этилди.

Шундан сўнг кун тартибидаги асосий масала – Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгашига янги раис сайлаш борасида спорт соҳасида улкан тажрибага эга мутахассис, узоқ йиллар Давлат жисмоний тарбия ва спорт қўмитасини бошқарган Баҳодир Махситович Махситов номзодини илгари сурди.

Конференция иштирокчилари, жумладан спорт фахрийлари Игор Барабан, Эркин Каримов, Баҳодир Тожиев, Шавкат Тўлаганов ва бошқалар Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши Комилжон Худойберганов раҳбарлик қилган йилларда ўз мавқеини юксалтиргани, фахрийлар эъзоз топиб, қадрланганлигини алоҳида эътироф этиш баробарида бўшаб қолган лавозимга Баҳодир Махситов энг маъқул номзод эканлигини таъкидлашди ва бир овоздан маъқуллашди.

Ушбу фурсатдан фойдаланиб, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги номидан Баҳодир Махситовични шарафли, шу билан бирга масъулиятли лавозимга сайлангани билан самимий муборакбод этамиз ҳамда фаолиятида омад ёр бўлишини тилаймиз!

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги
Матбуот хизмати