Шуҳрат Иргашев: 5 маҳал овқатланиш 5 маҳал ош ейиш керак дегани эмас

Соғлом турмуш тарзига амал қилиб яшаш керак, дейилса баъзилар бунинг оғирлигини ёки умуман имконсиз эканини таъкидлайди. Уларнинг бундай деб ҳисоблашига сабаб соғлом турмуш тарзи қоидалари ҳақида етарлича тушунчага эга бўлмаганидир. Аслида эса, уни турмуш тарзига айлантириш кўп ҳам қийин вазифа эмас.

Тўғри овқатланиш қоидалари эса, соғлом турмуш тарзининг асосий талабларидан бири. Ушбу қоидаларга қандай амал қилиш кераклиги тўғрисида тиббиёт фанлари доктори, профессор, Тиббий ходимларни касбий малакасини ривожлантириш марказининг Валеология кафедраси мудири Шуҳрат Иргашев тушунча беради.

— Соғлом ва узоқ умр кўришнинг биринчи талаби тўғри овқатланиш қоидаларига амал қилишдир. Масалан, Японияда ўртача умр кўриш ёши 86 ёш бўлиб, улар бу натижага тўғри овқатланиш қоидаларига қатъий риоя қилиш орқали эришган. Мамлакатимизда эса, 51 фоиз одам ортиқча вазндан жабр чекади. Танадаги ортиқча ёғ туфайли турли юрак, ошқозон касалликларини орттириб олишган.

Тўғри овқатланиш қоидаларига амал қилиш кунига беш маҳал овқатланиш режимини ташкил қилишдан бошланади. Шу ўринда савол туғилади: нега айнан 5 маҳал овқатланиш талаб этилмоқда? Сабаби ошқозон ости бези (панкриоз) ҳар уч соатда турли гармон ва ферментлар ишлаб чиқаради. Гармонлар қонга сингади, ферментлар эса ичаклардаги озуқаларни ҳазм қилишга сарфланади. 5 маҳал овқатланилмаса, ошқозон ости ишлаб чиқарган ферментлар ўз вазифасини тўлиқ бажара олмайди ва натижада бошқа органлар фаолиятининг ҳам бузилишига олиб келади. Шу боис кўпгина хориж мамлакатларида 5 маҳал таомланиш одат тусига кирган.

Кўпчилик “зўрға уч маҳал овқатланишга вақт топамиз”, ёки “3 маҳал таом еб шунча вазн тўплаганман, 5 маҳал овқатлансам нима бўлади”, деб айтишади. Аммо вақтида тўғри овқатланиш инсонлардан кўп вақт талаб қилмайди, бундай ҳолатда ортиқча вазн тўпланиши эса, умуман мумкин эмас. Чунки 5 маҳал овқатланиш керак, дегани беш маҳал ош ейиш керак, дегани эмас. Шунчаки оғир ҳазм бўлувчи таомлар, ёғли ва қоврулган маҳсулотларни тановул қилишдан тийилиш талаб этилади, холос.

Нонуштадан уч соат ўтгандан сўнг эса, олма ёки бошқа бирор ҳўл мевани ейиш мумкин. Тажрибага кўра, инсон битта сигарет чекиш учун 5-6 дақиқа вақт сарфлайди. Битта олма ейишга эса, атиги 2 дақиқа талаб этилади.

Яна 3 соатдан сўнг тушлик вақти бўлади. Бунда уч соат олдин енгил таомланилгани учун одам оч қолмайди ва керагидан ортиқча овқатланиб, ошқозонини қийнаб қўймайди. Тушликда хоҳишига кўра биринчи, иккинчи қилиб таомланиши мумкин, аммо кўп ёғли таом емаслик талаб этилади. Тушликдан уч соат ўтгач, бир стакан қатиқ ёки бир дона ширинлик ейиш мумкин. Шунда кечки таомда ҳам меъёрида овқатланишимиз таъминланади. Ҳатто муқаддас китобларимизда ҳам инсон тўйиб овқатланиши ёки ўта оч қолиб кетиши мумкин эмаслиги таъкидланган.

Шу ўринда яна бир овқатланиш қоидаларидаги муҳим элементга эътиборингизни қаратмоқчиман. Халқимиз овқатланаётган вақтда чой ичишни ҳам одатга айлантирган. Бу инсон организми фаолиятини бузади. Овқат билан бирга чой эмас, турли шарбатлар ёки қайнатилган сув истеъмол қилиш керак. Чойни эса таом егандан 2 соат ўтгач, ичиш тавсия этилади.

Аслида биз ҳозир ҳам таом ейиш учун шунча вақт сарфлаймиз ҳамда ўша миқдордаги маҳсулотларни истеъмол қиламиз. Фақатгина овқатланиш тартибига риоя қилмаймиз. Тўғри овқатланиш дегани фойдали маҳсулотларни ўз вақти ва ўрнида истеъмол қилиш демакдир. Узоқ, бахтли, соғлом яшаш учун, албатта, тўғри овқатланиш қоидасига амал қилишимиз зарур.

zamin.uz