Жумладан, 1991 йил 18 ноябрда қабул қилинган «Ўзбекистон Реcпубликаси Давлат байроғи тўғрисида»ги Қонунда давлат рамзидан фойдаланиш шарт бўлган барча ҳолатлар санаб ўтилган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг барча қароргоҳлари, Олий Мажлис, Вазирлар Маҳкамаси палаталари, республика давлат бошқаруви органлари, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Марказий банк, Ҳисоб палатаси, Марказий сайлов комиссияси, Жўқорғи Кенгес ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, жойлардаги давлат ҳокимияти органлари, суд ва прокуратура органлари биноларида давлат байроғи доимий равишда кўтарилади.
Давлат байроғига нисбатан қандай хатти-ҳаракатлар ман этилган?
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 2031- моддасига мувофиқ, Давлат байроғи тўғрисидаги Қонунни бузганлик учун фуқароларнинг базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан (669 000 сўм) етти бараваригача (1 561 000 сўм), мансабдор шахслар учун эса базавий ҳисоблаш миқдорининг етти бараваригача (1 561 000 сўм) жаримага тортилишига сабаб бўлиши белгиланган. Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил ичида такрор содир этилса, фуқаролар базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача (1 115 000 сўм), мансабдор шахслар эса базавий ҳисоблаш миқдорининг етти бараваридан ўн бараваригача (2 230 000 сўм) миқдорда жаримага тортилади. Жиноят кодексининг 215- моддасига биноан, Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғига нисбатан ҳурматсизлик қилиш базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваригача миқдорда жарима ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Ҳурматсизлик қилиш деганда, давлат рамзини қасддан ёқиб юбориш, йўқ қилиш, унга шикаст етказиш, ахлоқсизлик намойиш этиш назарда тутилади. Бироқ давлат рамзидан фуқароларнинг ихтиёрий фойдаланиши, иш ёки яшаш жойида жойлаштириши билан боғлиқ ҳолатга ойдинлик киритилмаган, бу давлат рамзига нисбатан очиқ-ойдин ҳурматсизлик деб баҳоланмайдими? Хусусан, шундай саволлар пайдо бўлади:
- Давлат байроғини у ерда истиқомат қилаётган жисмоний шахсларнинг истаги билан уйнинг ойнаси ёки томига ёҳуд хусусий секторга тегишли бинолар (меҳмонхона, завод ва ҳ.к.) га ўрнатиш мумкинми?
- Хусусий транспорт воситаларига Давлат байроғини ўрнатишга рухсат бериладими?
- Давлат рамзларининг расмидан спорт ва кундалик кийимда фойдаланиш мумкинми?
- Сувенир ва бошқа совғабоп маҳсулотлар, канселярия моллари ва бошқа моддий объектларда байроқнинг акс этиши Қонунни бузиш саналадими?
Ўзбекистон қонунчилигида мазкур саволларга аниқ жавоб йўқ. «Давлат рамзлари» ва «давлат рамзларини акс эттириш» тушунчалари ва уларнинг қайси вазиятларга нисбатан қўлланилиши фарқланмаган. Давлат байроғини акс эттирувчи белгилар предметларда уларнинг Ўзбекистон Республикасига мансублигини кўрсатиш, таълим-тарбия жараёнида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси мукофотлари сифатида ишлатилиши белгилаб берилган, холос. Давлат байроғи элементларидан ҳужжатлар реквизити ҳамда нодавлат ташкилотларнинг реклама материалларида фойдаланишга йўл қўйилмайди. Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғини акс эттирувчи белгилардан ишлаб чиқарилаётган ёки реализация қилинаётган товарлар (хизмат)ни илгари суришда тижорат мақсадларида фойдаланиш мумкин эмас.
Жаҳон тажрибаси нима дейди?
АҚШда давлат рамзларидан тижорат мақсадларида фойдаланиш мумкин, аммо бунда бир қатор чекловларга риоя қилинади. Мисол учун, Давлат байроғини кийим қилиб қийиш, чойшаб қилиш, спорт формасига тикиб олиш мумкин эмас, фабрикада ишлаб чиқарилган маҳсулотлар бундан мустасно. Байроқдан реклама ва маҳсулотларни бозорда тарғиб қилишда фойдаланиш, салфетка ва бошқа бир марталик буюмларда унинг расмини босиш ман этилади.
АҚШнинг ўзига хос Байроқ кодекси АҚШ Давлат байроғига муносабат ва уни ўрнатиш қоидаларини белгилайди. Федерал қонунчиликда байроқдан нотўғри фойдаланганлик учун ҳеч қандай жазо назарда тутилмаган. Ҳатто, байроққа қасддан ҳурматсизлик қилиш (жумладан, ёқиб юбориш ҳам), 1990 йилдаги Олий Суд қарорига мувофиқ АҚШ Конституциясига Биринчи ўзгартиришда кафолатланган сўз эркинлигининг намоён бўлиш шаклларидан бири сифатида қабул қилинади. Аксарият ҳолларда давлат рамзларидан турли сувенирлар — футболкалар, спорт кийимлари, кўйлакларда фойдаланилади.
Германияда иккита давлат рамзи — федерал байроқ ва герб бор. Байроқ ранглари ва герб акс этмаган байроқдан ҳар ким истаган мақсадида фойдаланиши мумкин. Марка белгилари тўғрисидаги Қонунга мувофиқ, байроқ рангларидан товар ва маҳсулотларни белгилашда рухсат этилади, аммо шу мақсадда оддий байроқ (герб расмисиз)дан фойдаланиш мумкин эмас. Гербли федерал байроқдан эса фақат расмий давлат органларигина фойдаланади.
2008 йилда Россияда фуқаролар ва ташкилотларга кундалик ҳаётда байроқдан ҳурмат доирасида эркин фойдаланишга рухсат этилди. Россияликлар ҳеч қандай тўсиқларсиз давлат байроғини уйлар, шахсий автомобиллар, офисларида ўрнатиш, ўзлари билан оммавий тадбирларга олиб келиш ҳуқуқига эга бўлди. Бу ҳуқуқ нафақат байрам саналарда, балки исталган куни амал қилади. Шу тариқа кишилар ўзларининг фуқаролик мансублиликларини, ватанпарварлик туйғулари ва Ватанга муҳаббатларини изҳор этадилар.
Ечим қандай?
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда Давлат байроғини оммавийлаштириш тенденцияси пайдо бўлди. Масалан, Тошкент, Сирдарё, Бухоро ва бошқа қатор ҳудудларда Ўзбекистон байроғи ҳилпираб турган флагштоклар ўрнатилди. Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида ўрнатилган флагшток эса дунёнинг энг баланд флагштоклар йигирматалигига киради. Байрам сайллари ва муҳим оммавий тадбирларда қўлларида байроқ тутиб олган ҳамюртларимизни тобора кўп учратиш мумкин. Аммо қонунчиликдаги баъзи ноаниқликлар давлат рамзлари, хусусан, давлат байроғидан кенг фойдаланиш имкониятини чеклаяпти, дейиш мумкин. Шу сабабли, «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати Давлат байроғи тўғрисидаги амалдаги қонунчиликка қўшимчалар киритишни таклиф этади.
Биринчидан, давлат рамзидан фойдаланиш ва уни акс эттириш мумкин бўлган ҳолатларни конкретлаштириш.
Иккинчидан, давлат рамзларига нисбатан ҳурматсизлик деб баҳоланадиган ҳолатларни аниқлаштириш.
Учинчидан, Давлат байроғи ва унинг аксидан фуқаролар, ташкилотлар, муассасалар ва корхоналар томонидан норасмий фойдаланиш ҳолатларига, шунингдек, мулкчилик шаклидан қатъи назар байроқни ташкилотлар, уйлар биноларига, шахсий транспорт воситаларига ўрнатиш ва бошқаларга қонуний рухсат бериш.
Айни дамда Давлат байроғидан турли даражада ва форматда ўтаётган тадбирларда, жумладан спорт тадбирларида фойдаланилади, у акс эттирилган спорт кийими ва бошқа буюмлар ишлаб чиқариляпти, бу эса ноқонунийдир. Бунга қонуний рухсат бериш афзалроқ эмасми?
«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати. ()