ЭНГ АЗИЗ БОЙЛИК

ЭНГ АЗИЗ БОЙЛИК

Рўзмат РЎЗМЕТОВ – Европа неврологлар ассоциацияси аъзоси. У кўпгина хорижий давлатларда, жумладан, Украина, Туркия, Хитой, Германия, Франция, Чехия ва қўшни қардош давлатларда тажриба алмашишга доир халқаро тадбирларда фаол иштирок этган. Машҳур шифокор ҳозирда Тошкент шаҳридаги Чинобод санаториясида невропатолог, вертебролог, иглотерапевт, мануал терапевт бўлиб ишламоқда.
 Қуйида Рўзмат Рўзметов билан кечган суҳбатимизни эътиборингизга ҳавола этамиз.
 
– Диск чурраси қандай касаллик? 
– Умуртқа поғонаси суяк-мушак тизими орасида энг нозик аъзо. Энг муҳим уч вазифани бажаради:  қоматни тик тутиб туради, ҳаракатни юзага келтиради, орқа мияни ташқи муҳит таъсиридан ҳимоя қилади. Ҳар бир умуртқа танаси орасида диск жойлашган. Умуртқалараро диск фиброз халқа ва пулпоз ядродан иборат. Биргина қалтис ҳаракат ҳам фиброз халқага зарар етказиши, натижада дискнинг пулпоз ядросидаги шиллиқ суюқлик оқиб кетиши ва натижада бора-бора қуриши мумкин. Бу эса, ўз навбатида, орқа миянинг сиқилишига ва шиш ҳосил бўлишига олиб келади. Шишиб қолган жой умуртқа чурраси кўпинча грижа деб аталади. Шиш оқибатида умуртқа поғонасидан ўтган орқа мия асаб толалари қисилиб қолади. Шундан сўнг, инсон нафақат белида, балки оёқ-қўлларида ҳам оғриқни сезади.
Чурра бел-думғаза умуртқа соҳасида, бўйин умуртқаси соҳасида ва жуда кам ҳолларда кўкрак умуртқа соҳасида учрайди. Бел думғазаси чурраси бор кишиларда бел оғрийди, шу билан бирга, оёқларда санчиқ пайдо бўлиб, увишади. Бўйин чуррасида эса беморни бош, бўйин, елка қисмидаги оғриқ, шунингдек, бош айланиши, қон босимининг ошиши, қўл ва бармоқнинг увушиши безовта қилади. Кўкрак умуртқа соҳасидаги чурра юрак атрофидаги оғриқ билан кечади.
– Баъзида беморлар диск чурраси бўйича аниқ ташхис қўйилгунча анча овора бўлишади. Айтинг-чи, касалликнинг келиб чиқишига қандай омиллар сабаб бўлади ва унинг аломатлари нималарда намоён бўлади?
– Аслини олганда, диск чуррасининг пайдо бўлишига аниқ бир сабабни кўрсатиб бўлмайди. Чунки, уни келтириб чиқарувчи омиллар кўп. Лекин умумий тарзда айтиш мумкинки, остеохондроз касаллигининг асорати, жароҳат олиш, қоматнинг нотўғри шаклланиши, кам ҳаракатлилик, ортиқча вазн, ноқулай иш тартиби (узоқ вақт ўтириб ишлаш) диск чуррасининг асосий сабабларидан бўлиши мумкин. Шу боис, автотранспорт ҳайдовчилари, компьютер олдида кун давомида тўрт соатдан кўп ўтирадиганлар, айниқса, кам ҳаракат қиладиганлар, оғир юмуш ёки спортнинг оғир турлари билан шуғулланувчилар бундай касалликка мойил бўлишади. Шу билан бирга, нафақат жисмоний ҳаракат, балки ортиқча қизиб кетиш, иссиқ ванналар, елвизак, совуқ қотиш ҳам касалликни келтириб чиқариши мумкин.
 – Касаллик қандай усуллар билан даволанади?
– Кўпчилик беморлар: “Диск чуррасининг давоси жарроҳлик операцияси”, деб ўйлайдилар. Ҳолбуки, жарроҳлик амалиёти доимо энг сўнгги чора! Умуртқа поғонаси диск чуррасини даволаш беморнинг клиник ва қўшимча текширувларига асосланиб, консерватив ёки оператив (жарроҳлик) усулда амалга оширилади. Бизнинг сиҳатгоҳимизда диск чурраси консерватив усулда даволанади. Бунда электрофорез, физиотерапия муолажалари, даволовчи уқалаш, жисмоний тарбия машқларидан фойдаланилади. Бу жараён оғриқни бартараф этиш, тўқималардаги шишни қайтариш ва умуртқанинг меъёрий ҳаракатчанлигини тиклашдан иборатдир.
 – Ўрни келганда, Сиз фаолият юритаётган Чинобод санаториясида айни касалликни даволаш, қолаверса, аҳолини соғломлаштириш ва реабилитация қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам газетхонларимизни хабардор қилсак яхши бўларди.
– Чинобод санаторияси  овқат ҳазм қилиш аъзолари, эндокрин ва гинекологик аъзолари касалликлари билан хасталанганларни ремиссия даврида соғломлаштиришга ихтисослашган. 2007 йилда мазкур сиҳатгоҳда бизнинг ташаббусимиз билан мана шу Сиз кўриб турган Невровертебрология бўлими ташкил этилган. Ҳозирда бу ерда асаб касалликларидан саналмиш остеохондроз, диск чурраси каби касалликлар консерватив усулда физиотерапия воситалар орқали даволанмоқда.
Санаториямизда зарур диагностика ва даволаш хоналари бор. Маъданли сувдан ванналар учун, милкни чайиш, ичакни ва меъдани ювиш, дуоденал дренажлар ва даво ичимлиги сифатида фойдаланилади.
Парафин-озокерит даво усуллари, сув остида душ-массаж, физик воситалар билан даволаш, зарб тўлқинли терапия, озонотерапия, спа-салони, шлаклардан тозаловчи фито бочка, уқалаш, даволаш бадантарбияси муолажалари қилинади, беморларниг самаралир даволанишларига асосланган парҳез овқатлар ташкиллаштирилган.
Ётоқхоналар шинам ва барча қулайликларга эга. Икки ва уч ўринли хоналардан иборат. Санаторияда мазмунли дам олиш учун, маданият саройи, ёзги амфитеатр, кутубхона, спорт ва рақс майдончалари, сартарошхона, косметология хонаси, шарқона чойхона, очиқ сув ховузи ва турли савдо расталари бор.
 Диск чуррасининг олдини олиш ва профилактикасида нималарга эътибор қаратиш лозим? 
– Касалликнинг олдини олиш учун, аввало, киши ўзини жисмоний жиҳатдан чиниқтириши лозим. Айниқса, доимо бир хил ҳолатда ўтириб ишлайдиганларга ҳар икки соат оралиғида хонада юриш ва енгил машқларни бажаришни тавсия этамиз. Ҳатто, узоқ вақт тик туриш ёки ўтириш ҳам тана ва оёқни зўриқтиради. Айни пайтда ёшларда кузатилаётган чурра сабабларининг аксарияти компьютер олдида соатлаб ўтириш эканлигига, мана, биз гувоҳ бўляпмиз.
Умуртқа поғонаси атрофи мушакларининг динамик зўриқиши ва деформик буралиши билан боғлиқ меҳнат фаолиятида ҳам эҳтиёт бўлиш керак. Тош ва диск улоқтириш, коптокчани ракетка билан уришдаги қалтис ҳаракат ҳам чуррага сабаб бўлиши мумкин. Айниқса, бундай ҳолатлар катта ёшли кишиларнинг жисмоний машғулотлар билан шуғулланишида тез-тез такрорланади. Шу ўринда: “Катта ёшли кишиларга жисмоний ҳаракат хавфлими?” деган савол туғилади. Йўқ, албатта. Фақат гавда оғирлиги, суяк пайлари аввалгидек мустаҳкам эмаслигини ҳисобга олиб, енгил машқлар бажариш мақсадга мувофиқдир.
– Газетамиз мухлисларига тилакларингиз.
– Саломатлик ҳар биримиз учун энг муҳим бойликдир. Уни асраш, кўз қорачиғидек авайлаш барчамизнинг энг зарур вазифамиздир. Айни вазифани адо этишда муҳтарам газетхонларга масъулиятлилик, собитқадамлик ва мустаҳкам ирода тилайман. Халқимиз соғ ва омон бўлсин!
– Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур! 
“Фаровон юрт”нинг махсус мухбири
Алишер ТУРСУНОВ суҳбатлашди.