Президент совғалари топширилди: «Юртбошимиз бемор болалар қалбига умид ва қувонч олиб келдилар»

Президент совғалари топширилди: «Юртбошимиз бемор болалар қалбига умид ва қувонч олиб келдилар»

15 май куни Президент топшириғига мувофиқ ушбу шифохонада даволанаётган болаларга шахмат доскалари совға қилинди, соҳа мутахассислари бемор болалар шахмат ўйнашди ҳамда ўз тажрибалари билан ўртоқлашишди.

Бемор болалар ҳамда уларнинг ота-оналари бундан беҳад қувониб, ўзларининг қизиқишлари ва орзулари билан бўлишишди.

Президент билан учрашув чоғида шахматга қизиқиши ҳақида айтган Саиджон Салимжонов Фарғона шаҳридаги 28-мактабнинг 3-«А» синфи ўқувчиси бўлиб, дарслардан кейин шахмат билан шуғулланган ва профессионал шахмат ҳақида орзу қилган.

«Ўғлим кичик ёшлигидан шахматга қизиққан, ўйинчоқларини териб қўйиб, шахмат ўйнамоқчи бўларди. Унинг бу қизиқишларини кўриб, дадаси шахмат тахтасини олиб келган. 5 ёшдан ошганида Фарғона шаҳридаги шахмат тўгарагига олиб бориб, истеъдодли мураббий Адҳамжон Эминовга шогирдликка бердик. Кейинроқ Фарғонада Тошкент шахмат академияси филиали очилди, айни дамда Саиджон ўз ёш тоифасида шу академия ўқувчиси ҳисобланади, мураббий Равил Винерович унга устозлик қилмоқда. Қатор шаҳар ва вилоят даражасидаги мусобақаларда иштирок этди, ўтган йили ўтказилган шахмат мусобақасида иштирок этиб, шаҳар босқичида ҳам, вилоят босқичида ҳам 1-ўринни эгаллади ва республика босқичига йўл олди. Бироқ кутилмаганда тоби қочиб, шифохонага тушиб қолди, унга жигар хавфли ўсмаси ташхиси қўйилди ва шу сабаб мусобақага бора олмади», - деди Саиджоннинг онаси Махлиё Зиёева.

Шу ўринда Махлиё Зиёева шифокорларга миннатдорчилик билдириб, ўғлининг операциялари муваффақиятли ўтгани ва ҳозир операциядан кейинги даволаниш муолажалари олинаётганини маълум қилди.

«Кеча ҳурматли юртбошимиз шифохонага ташриф буюрдилар, бу ердаги барча болалар ва оналарнинг қалбларига умид ва қувонч олиб келдилар. Саиджон ҳам кечадан бери «Ойи, шахмат ҳақидаги орзуларим амалга ошяпти» деб беҳад хурсанд, касаллигини ҳам унутиб қўйди. Мана бугун бизга Президентимиз номидан профессионал шахмат доскасини совға қилишди, шахмат бўйича мураббий бириктиришди ўғлимга, профессионал шахмат доскасидан ташқари, шахмат бўйича барча дастурлар жамланган компьютер ҳам совға қилишларини эшитиб, бошимиз кўкка етди. Юртдошимизга бундай шароитлар ҳамда эътибор учун мингдан минг раҳмат. Насиб этса, фарзандим ўзининг севимли машғулоти шахмат билан шуғулланишни давом эттиради ҳамда Осиё ва Жаҳон чемпионатларида иштирок этиб, Ўзбекистон байроғини баланд кўтаради», - дея қўшимча қилди Саиджоннинг онаси кўзларига ёш олиб.

Марказда даволанаётганлар орасида шахматга қизиқадиган болалар кўпчиликни ташкил қилар экан. Шулардан яна бири Жиззах вилоятидан келган - Жасурбек Абдуғаниев бўлиб, у ҳам қизиқиши ва орзулари билан ўртоқлашди.

«Шахмат тўгарагига Жиззахдаги синфдошим билан борганман, ўша вақтдан бошлаб қизиқишим ортган. Тузалиб кетсам, шахмат билан шуғулланишни давом эттириб, яхши ўқиб, яхши ишга жойлашиб, ота-онамга ёрдам бериб уй олиш орзуйим бор», - дейди у.

Озода Эшмирзаеванинг маълум қилишича, ўғли Жасурбек шахматга 1 йилдан ортиқ вақт давомида шахмат тўгарагига қатнашган.

«Мен футболга қизиқаман, Испаниянинг «Барселона» клуби ўйинларини севиб томоша қиламан. Катта бўлсам, ички ишлар ходими бўлишни, милиция формасини кийишни орзу қиламан», - дейди яна бир бемор – бухоролик Озодбек Файзиев.

Бухоронинг Олот туманидан келиб, марказда даволанаётган Темурбек Ботиров эса дўстлари билан спорт майдонларига бориши, у ерда турли жисмоний машғулотлар билан шуғулланишини айтди.

«Компьютерда дастурлаштиришга ҳам жуда қизиқаман. Бундан ташқари, турли предметлардан конструкциялар ясашни яхши кўраман. Улғайганимда насиб этса, архитектор бўлмоқчиман», - қўшимча қилди у.

Хулоса қилиб айтганда, шифохонадаги болаларнинг қизиқишлари ва орзулари бир олам. Бемор болаларнинг ота-оналарининг таъкидлашича, давлат раҳбарининг ташрифидан кейин фарзандларининг эртанги кунга бўлган умид ва ишончлари янада кучайган.