Ўзбекистон спорт юрти

Шахмат: махсус ишчи гуруҳ Президент қарори ижросини ўрганмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 14 январдаги “Шахматни янада ривожлантириш ва оммавийлаштириш ҳамда шахматчиларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорида юртимизда шахматни аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш ва уни оммавий спорт турига айлантириш белгиланган.

Шунингдек, қарорга мувофиқ ўсиб келаётган ёш авлоднинг интеллектуал ва маданий ривожланиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, юқори иқтидорга эга ёшларни танлаш, саралаш ва уларни профессионал шахматчи ва халқаро гроссмейстерлар сифатида тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш, тренерлар учун муносиб меҳнат шароитини яратиш борасида ҳам аниқ вазифалар белгилаб қўйилган.

Бу борада амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида Ўзбекистон шахмат федерацияси бош котиби С.Бозорбоев бошчилигидаги махсус ишчи гуруҳ жойларда бўлиб, мавжуд вазиятни ўрганмоқда.

Кеча ишчи гуруҳ Навоий вилоятининг Учқудуқ туманида бўлиб, аёллар ўртасида шахмат мусобақасини ташкил қилди. Мусобақада ҳудуддаги 20дан ортиқ умумтаълим мактаблари ўқувчилари ҳамда маҳалла аҳолиси иштирок этди. Шахматга ихтисослаштирилган 3-сонли умумтаълим мактабида Ўзбекистон шахмат федерацияси иштирокида ташкил этилган ушбу мусобақада қуйидагилар ғолиб ва совриндор бўлишди:

1. Абдуҳамидова Паризода,

2. Қораева Зарина,

3. Гафурова Зарина.

Шунингдек, Ғаффарова Радонат, Ҳақбердиева Эрта ҳамда Ярашева Малоҳатлар қўшимча совғаларг билан тақдирланишди.