Қувонарлиси, юртимизда сўнгги йилларда ушбу спорт турини ривожлантириш борасида кўп ишлар амалга оширилмоқда. Бунинг самараси ўлароқ бугунги кунда бир қатор истеъдодли волейболчиларимиз хорижий клубларда фаолият олиб боришган ҳолда ўзга юртларда ўзбек волейбол мактаби довруғини кўкларга кўтаришга ҳисса қўшмоқда.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси, Фарғона вилояти Яйпан шаҳарчасида туғилиб ўсган Исломбек Собиров ҳам ана шундай спортчиларимиздан. Волейболчилар сулоласига мансуб Исломбек (унинг акаси Аҳрор Собиров ҳам терма жамоа аъзоси ҳисобланади) айни пайтда Туркия биринчи дивизиони иштирокчиси “Аланья беледия спор” клуби шарафини муносиб ҳимоя қилиб келмоқда.
Яқинда биз интернет орқали Исломбек билан боғланиб, ўзимизни қизиқтирган саволларга жавоб олдик.
- Волейбол спорт турига қизиқиш қачон пайдо бўлган ва кимга ҳавас қилиб шу спорт турини танлагансиз?
- Менда волейболга қизиқиш болаликдан пайдо бўлган. Яйпан шаҳарчасидаги 1-сонли болалар ва ўсмирлар спорт мактабида акам волейбол билан шуғулланарди. Мен ҳам акам билан бирга машғулотларни томоша қилишга бориб турардим ва шу тариқа волейболга қизиқиб қолдим. Акам Аҳроржон Собировга ҳавас қилиб ушбу спорт тури билан шуғулланишни бошлаганман. 15 ёшимдан эса волейбол билан мураббийим Мадаминжон Нишонов қўл остиларида жиддий шуғуллана бошладим.
- Профессионал фаолиятингизни қачон бошлагансиз ва бугунгача қайси жамоалар шарафини ҳимоя қилгансиз?
- 2013 йилда Тошкентнинг “Ориент” жамоаси билан спортчи сифатидаги илк профессионал шартномамни имзоладим ва шу йилиёқ Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафига қабул қилиндим. Шу кунга қадар бир нечта жамоаларнинг шарафини ҳимоя қилишга улгурдим. Ўзимиздан “Ориент”, АГМК ва “Ўзтелеком”, шунингдек Қирғизистондан “Сулаймон тоғ” ва “Эрем” жамоаларини бунга мисол келтириш мумкин. Ҳозирги кунда Туркиянинг “Аланья беледия спор” жамоаси сафида профессионал фаолиятимни давом эттирмоқдаман.
- Туркия таклифи қандай пайдо бўлди ва ҳозирги жамоангиз ҳақида ҳам қисқача маълумот берсангиз.
- Туркия клубига таклиф қизиқ бўлган. Улар менинг Facebook ижтимоий тармоғига жойлаган видеоларимни кўришиб, кейин ўз жамоаларига таклиф қилишди. Кўрикдан муваффақиятли ўтганимдан сўнг шартнома имзоладик.
- Туркия биринчи дивизиони савиясини бизнинг Олий лига билан солиштириш мумкинми? Ўзбекистоннинг етакчи жамоалари бу лигада ўз ўрнини топа олишадими?
- Туркия биринчи лигасининг савияси юқори ва уларда мусобақа бошқача форматда ташкил этилади, яъни плей-офф тарзида. Бу лигада 16та жамоа 8тадан икки гуруҳга бўлинган ҳолда иштирок этади. Ҳар ҳафтада 8та жамоа 4та шаҳарда ўйин ўтказишади. Ҳаммаси бўлиб мавсум давомида 35-40тача ўйин ўтказишади. Мен ишонаман, бизнинг жамоаларимиз бу лигада ҳам ўз ўрнини топа олишади.
- Сизнинг муваффақиятли иштирокингиз Туркияда ўзбек волейбол мактабига қизиқишни оширдими?
- Бу ерда кўп мураббийлар Ўзбекистонда ҳам волейбол борлигига ва юртимиздан ҳам ёш, иқтидорли спортчилар етишиб чиқишига ишонишди.
- Сизни шу даражага етишингизга сабабчи бўлган устозларингиз ҳақида ҳам озгина тўхталиб ўтсангиз.
- Устозларим ҳақида гапирадиган бўлсам, аввало Мадаминжон Нишонов, қолаверса Асроржон Ҳакимов, Абдуллатифжон акаларни тилга олиб ўтган бўлардим. Айниқса, мени шу даражага етишишимга кўпроқ сабабчи бўлган устозим Мадаминжон Нишонов бўлади. Бу инсон кўп йиллардан бери Яйпанда, 1-сонли БЎСМда волейбол спортини ривожлантириб келмоқдалар. Бу ердан жудаям кўп профессионал волейболчилар етишиб чиққан ва кўпчилик шогирдлари миллий терма жамоамиз аъзолари саналишади. Бунга акам Аҳроржон Собиров, шунингдек Шерзодбек Хушвақтов, Муҳаммадали Расулов, Дилмурод Сатторов ва бошқаларни мисол келтиришим мумкин. Устозим менга кўп вақтлари ва меҳнатларини сарфлаган. “Ҳеч қачон бажаролмайман демагин, фақат қўлимдан келади, бажараман деб ҳаракат қил”, - деб маслаҳат берарди ва ушбу жумлалар ҳозир менинг маслагимга айланган. Айтган ҳар бир сўзлари ва қилган барча амаллари учун устозимдан миннатдорман.
Маълумот учун: бугундан Исломбек Собиров фаолият кўрсатаётан “Аланья беледия спор” клуби Туркия биринчи дивизиони плей-офф ўйинларидаги иштирокини бошлайди. Биз ушбу мусобақада ҳамюртимизга омад тилаймиз.