Қиличбозлик бўйича Ўзбекистон Чемпионати “U-23” старт олди
Тошкентда қиличбозлик бўйича Ўзбекистон
Чемпионати “U-23” старт олди
Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон қиличбозлик федерациясининг спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг 2020 йил учун республика календарь режасига мувофиқ бугун пойтахтимиздаги “Умид” спорт мажмуасида қиличбозлик бўйича Ўзбекистон кубоги старт олди. Эътиборли жихати мусобақанинг очилиш маросими кўтаринки руҳда бошланди.
Турнирни ўтказиш регламентига мувофиқ бугун қиличбозликнинг рапира йўналишида атлетлар яккалик баҳсига киришишди.
Мазкур мамлакат Чемпионати доирасида ўтказилинаётган мусобақаларда қиличбозликнинг барча йўналишлари бўйича республикамиз вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Тошкент шаҳри спортчилари қатнашишмоқда.
Таъкидлаш жоизки, қиличбозлик бўйича Ўзбекистон терма жамоаси учун муносиб ўриндошларни саралаб олиш, иқтидорли ва кучли спортчиларни аниқлаш мақсадида қиличбозликнинг учта тури (шпага, рапира, сабля) бўйича ўсмирлар ўртасида ташкил этилган Ўзбекистон Чемпионати доирасидаги мусобақалар 2020 йил 1 декабрьдан бошланиб 5 декабрь кунигача давом этади.
Бугунги мусобақада иштирок этаётган жами 61 нафар рапирачи-спортчилар орасидаги ғолиб ва совриндорлар куннинг иккинчи ярмида аниқланади.
ЎзҚФ Матбуот хизмати