Ана шундай фидойи тиббиёт ходимларидан бири, Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази чақалоқлар патологияси бўлими катта ҳамшираси Малика ҚУЛЖАНОВА билан суҳбатимиз самимий кечди.
— Юртимизда илк бор коронавирус инфекцияси аниқланганини эшитганингизда хаёлингиздан нималар ўтди?
— Мана шундай пайтда беморларга ёрдам беришим кераклигини англаб етдим. Вирусология илмий текшириш институти клиникаси ходимлари ушбу ишга сафарбар этилганини кўриб, уларнинг ёнида бўлгим келди. Беморларга ёрдам бериш истаги менга бир дақиқа ҳам тинчлик бермади. Ўзим Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт марказининг болалар патологияси бўлимида катта ҳамшираман. Ишхонамизнинг бош ҳамширасига учрашиб, мени коронавирус юқтирган касаллар парвариши учун жўнатишини илтимос қилдим. Ташаббусимни қўллаб-қувватлаб, уларга ёрдам беришимга шароит яратиб беришди.
— “COVID-19”га чалинган беморлар билан бевосита мулоқотда бўлганда, касалликни юқтириб олишдан қўрқмадингизми?
— Аввало, Аллоҳга таваккал қилиб, фақат унга ишонганман. Бундан ташқари, бемор билан бевосита мулоқотда бўлганимиз учун ўзимизни ҳам ҳимоя қила олишимиз зарур. Шу боис, тиббиёт ниқобларини, махсус кийимларни ўта эҳтиёткорлик билан алмаштирамиз. Бу учун махсус тайёргарликдан ўтдик ва имтиҳон топшириб, кейин ишга киришдик.
Ҳамшираларга бугунги кунда талаб кучли, кўп вазифалар юклатилган. Ҳамшира қачонки шифокор буюрган муолажани ўз вақтида меҳр билан бажарса, бу фақат беморга ёрдам беради.
— Юртимизнинг бир гуруҳ тиббиёт ходимлари коронавирусга қарши курашишда кўмаклашиш учун Тожикистон Республикаси бўлиб қайтишди. Улар сафида сиз ҳам ҳамшира сифатида бориб келдингиз. Таассуротларингиз...
— Яширмайман, Тожикистонга сафаримиз менга улкан масъулият юклади. Бу юртдаги беморларни даволаш учун борадиган шифокорлар сафида бўлганимдан хурсандман.
Малакали мутахассислардан иборат гуруҳимиз Тожикистондаги ҳамкасбларига коронавирусга чалинган беморларни даволаш борасида катта амалий кўмак беришди, тажрибалари билан ўртоқлашди. Бу ердаги фаолиятимиз оғир бўлишига қарамасдан завқ билан ишладим.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, коронавирус ҳар қандай инсонни тушкунликка солиб қўйишининг гувоҳи бўляпман. Бу касалликдан шифо топишда энг муҳими, касалликни енгиб ўтишга бўлган ишончдир.
— Касбингиздан мамнунмисиз?
— Албатта, шу касбим орқасидан халқимнинг меҳрини қозондим. Касбимни фақат ишхонада эмас, балки қаерда менинг ёрдамим керак бўлиб қолганини кўрсам, ўша ерда давом эттириб кетавераман. Реанимация бўлимида ишлаганим ҳаётда менга жуда қўл келади. Ҳамшира бўлиб, ҳеч кимнинг дилини оғритмасликни ўргандим. Бизга берилган ҳар бир неъматга шукр қилиб яшаш кераклигини беморларимиз мисолида кўрмоқдаман. Қолаверса, яқинда Президентимиз фармони билан камтарин меҳнатим эъзозланиб, «Содиқ хизматлари учун» медали билан тақдирланганим ҳам кучимга куч қўшди.