Онлайн машғулотлар давом этади – бугун қиличбозларимиз навбати
Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Олимпия спорт турлари бўйича терма жамоаларнинг пандемия сабаб юзага келган мажбурий танаффус даврида режа бўйича онлайн машғулотларга зўр бермоқда.
Бугун куннинг биринчи ярмида қиличбозлик бўйича терма жамоамиз вакилларининг навбатдаги онлайн машғулоти ўтказилди. Машғулотнинг биринчи қисми мураббий Аброр Собиров томонидан олиб борилди. Спортчиларимиз ушбу мутахассис билан танани қиздириб олувчи машқларни бажаришди.
Иккинчи қисмида тажрибали мураббий Руслан Кудаев қиличбозликнинг ўзига хос техникаларини шогирдларига ўргатишда давом этди. Қайд этиш жоиз, бугунги машғулотда спортчиларимиз асосан оёқ ҳаракатларига эътибор қаратишди. Жараён якунида спортчилар жанг амалиётини олиш учун шартли рақибга қарши виртуал баҳс олиб боришди.
Онлайн машғулотни Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси ва мураббийлар штаби вакиллари, хорижлик мураббий Мартин Камаджиев диққат билан кузатиб борди ва жараён давомида спортчиларга ўз маслаҳатларини бериб ўтди.
ЎзА