Олимпия ўйинлари тарихида юз берган қизиқ воқеликлар ҳақида ҳикоя қилишда давом этамиз. Ана шундай воқеалардан бири Лондон-2012 Олимпия ўйинларида рўй берган.

Аёллар ўртасида теннис бўйича яккалик беллашувида америкалик Серена Уильямс финалда азалий рақибаси россиялик Мария Шараповани мағлуб этиб, мусобақанинг олтин медалига, беларуслик Виктория Азаренко эса бронза медалига сазовор бўлган эди. Қизиқ воқеа эса тақдирлаш маросимида рўй берган.

Маросим анъанага мувофиқ ғолиб мамлакат мадҳияси остида 3 давлат байроғининг кўтарилиши билан бошланди. АҚШ давлат мадҳияси янграётган пайт кучли шамол таъсирида мамлакат байроғи флагштокдан чиқиб кетади ва Уимблдон корти узра уча бошлайди. Кортда эса Россия ва Беларусь мамлакатлари байроғи қолади.

Табиийки, бу ҳолдан теннисчилар кулиб юборишади. Ташкилотчилар эса байроқни қайта илишни лозим топишмаган.