Президентимизнинг эътибори, ҳукуматимизнинг қўллаб-қувватлаши билан юртимизда ҳар бир спорт турлари қатори қиличбозликда ҳам катта ютуқларга эришилмоқда. Куни кеча Мисрнинг Қоҳира шаҳрида ўтган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида саблячимиз Бобуржон Расулов Мустақил Ўзбекистоннинг жаҳон чемпионатларида медаль олган илк қиличбозига айланган эди. Қизларимиз эса илк бор чорак финал босқичига етиб боришди.

Хабар берганимиздек, куни кеча жамоамиз Тошкентга қайтиб келди. Спортчилар қисқа муддат ҳордиқ чиқариб олишганидан сўнг яна машғулотларга киришишди. МОҚ ҳамда Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси раиси Рустам Шоабдураҳмонов жамоамизни ана шундай марралар сари етаклаётган мураббий, 3 карра Олимпия ўйинлари чемпиони Владимир Назлимов билан истиқболли режаларни муҳокама қилиб олди.

Суҳбат давомида тажрибали мураббий яқин режалар учун ишлаб чиқилаётган селекция тизими, уни қандай ташкил этиш борасидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

“Болалар мусобақаларни яхши кўришади. Шу боис уларда ҳозирдан жанговор характерни шакллантириб бориш керак. Европа мамлакатларида ҳатто 5-6 ёшдан ўйинчоқ қиличларда ўтадиган мусобақалари мавжуд. Бу уларга мотивация беради. Қиличбозда оптимал тажриба йиғилиши учун унга тахминан 500 та халқаро турнирдаги жанг керак. Буни кадет ёшидан тўплаб борса, катталар ўртасидаги тоифага ўтаётганда ҳар томонлама “етилади”. Биз ёшлар ва катталар ўртасида яхши тизимни йўлга қўйиб олганмиз. Энди буни болалар ва кадетлар тоифаларида ҳам амалга оширамиз. Вилоятлар кесимида турли лигалар ташкил қилиш лозим”, – деди Владимир Назлимов.

Таъкидлаш жоиз, мураббийнинг Париж-2024 Олимпиадасигача бўлган давр учун махсус режаси бор. Суҳбат давомида МОҚ раиси мураббийлар штаби билан улар ишлаб чиқадиган режа асосида ҳаракат қилиниши, бу борадаги ишлар ҳукуматимиз томонидан қўллаб-қувватланишини таъкидлади. Қайд этиш жоиз, мазкур селекция ишлари Париж-2024 Олимпия ўйинлари ва ундан кейинги йирик мусобақаларда ҳам қиличбозларимизнинг муваффақиятли иштирок этишларини таъминлаш учун олиб борилмоқда.