Устоз масъулияти

 

Устоз масъулияти

         Халқимизда ўзига илм, ҳунар  ўргатган, юксак инсонийлик фазилатларидан сабоқ берган, мустақил ҳаёт йўлига етаклаган мураббийларни чексиз қадрлаш, улардан бир умр миннатдор бўлиш, ҳурматини жойига қўйиш, ҳатто “Устоз - отангдек улуғ” деб шарафлаш қон-қонига сингиб кетган, авлоддан-авлодга энг олий қадрият сифатида мерос бўлиб келмоқда. Бу айни пайтда ёшларга илмдан, ҳунардан сабоқ бераётган устозлар, шу жумладан уларни спорт маҳоратига ўргатаётган тренерлар зиммасига ҳам катта масъулият юклайди.

         Ака-ука Шерали ва Нурали Носировлар мамлакат қиличбозлик федерациясида сабля бўйича миллий терма жамоа тренерлари вазифасини бажариб келишаётган эди.  Ўз вақтида уларнинг тренерлик фаолияти муносиб баҳоланиб, тегишлича рағбатлантирилган.

 Аммо сўнгги пайтларда  терма жамоада қалтис носоғлом вазият кучаётганлиги сезилиб қолди. Тренерлар шогирдларининг спорт маҳоратини ошириш, масъулиятли мусобақаларга пухта тайёрлаш, терма жамоа аъзолари ўртасида ўзаро ҳурмат, дўстона муносабат, ҳамжиҳатлик хислатларини шакллантириш вазифаларини тўла бажара олмай қолдилар. Оқибатда терма жамоа аъзолари ўртасида ўзаро келишмовчилик, улар ота-оналарининг норозилиги кучая бошлади. Бу масала Ўзбекистон қиличбозлик федерациясида муҳокама қилиниб, тренерларга ўз масъулиятларини тўла ҳис этиш, юзага келган вазиятни соғломлаштириш юзасидан аниқ кўрсатмалар ҳам берлиган эди.

         Ўз хатоларинитушуниб етган  Нурали Носиров  2008 йил 27 сентябрда мамлакат қиличбозлик федерацияси терма жамоасининг сабля бўйича бош тренерлик ишларини олиб бора олмаётганлигини тан олган ҳолда ўз иҳтиёри билан уни бош тренерликдан оддий тренерликка ўтказиш тўғрисида ариза ёзди.

         Шундан сўнг миллий терма жамоадаги муҳит  бирмунча соғломлашди, қиличбозлар  халқаро ва минтақвий мусобақларда муваффақиятли иштирок  эта бошлашди.

         Ҳозир миллий қиличбозлик терма жамоасининг аъзолари 2020 йилда Токиода бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинларида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритиш учун астойдил ҳаракат қилмоқдалар. Жаҳонда энг нуфузлилардан бири ҳисобланадиган, яқинда бўлиб ўтган  “Москва қиличи” халқаро турнири спортчиларимизнинг  Олимпиадага тайёргарлик кўришларининг энг муҳим босқичларидан бири эди.

         Тренерлар А.Житецкий ва Ё.Йўлдошев бошчилигидаги қиличбозларимиз ушбу халқаро мусобақага биринчи бор таклиф этилганларини ҳам алоҳида таъкидлаш керак. 

         Терма жамоамиз аъзолари “Москва қиличи” турнирида ўз жангларини бошлашга тайёргарлик кўришаётган пайтда мусобақа майдонида мутлақо кутилмаган ҳодиса рўй берди. Шерали Носиров бу халқаро мусобақада қатнашишга расмий аккредатациядан ўтмаган бўлса ҳам спорт залида  пайдо бўлади,  қиличбозларимизга кўрсатмалар беришга  уринади, уларнинг тренерларини ёмонлашга тушади.

         Миллий терма жамоамиз тренери А.С.Житецкий  ана шу вазиятдан хабар топиб қолади. Шуни таъкидлаш керакки, Александр Сергеевич юқори малакали россиялик тажрибали устоз, спорт устаси  ҳисобланади. Унинг шогирдлари жаҳон ва Европа биринчиликлари ғолиблари ва  совриндорлари қаторидан ўрин олган. Унинг хизматлари ҳисобга олинган ҳолда миллий қиличбозлик федерациямиз  терма жамоамиз тренерлигига таклиф қилган.

         Масъулиятли мусобақа олдидан   ғайритабиий равишда ўзбошимчалик билан миллий жамоа  аъзоларига тренер кўрсатмаларига зид топшириқлар бераётган Шерали Носировнинг  бу ҳаракатлари Александр Сергеевични таажжублантирмай қолмади.

         - Сиз бу ерга қандай кириб қолдингиз, - сўрайди Шерали Носировдан   Александр Сергеевич.

         Бу саволдан Шерали янада қизишиб кетади. У миллий терма жамоа тренерига эътирозларини билдира бошлайди. Бу ҳақда миллий терма жамоаси тренерлари расмий равишда миллий қиличбозлик федерациясига ёзма равишда мурожаат қилдилар.

         Маълум бўлишича, Шерали Носиров “Москва қиличи” турнири мусобақалари ўтказилаётган жойга ҳийла ишлатиб кириб олган экан. Бунинг учун ўзидаги  терма жамоамиз спорт кийимида бўлган, мусобақага кириш рухсатномасини эса қалбакилаштирган. Бу аниқлангач, у спорт залидан четлаштирилди, албатта. Аммо терма жамоа аъзолари учун бу нохушлик қиличбозларимизнинг мусобақаларда қатнашишларига салбий таъсир кўрсатмай қолмади.

         Миллий қиличбозлик федерациясининг ижроия қўмитаси мазкур  ҳодисани муҳокама қилиб, Шерали ва Нурали Носировларни бундан буён миллий қиличбозлик федерациясининг спорт залларига киришларини, шунингдек уларнинг барча халқаро ва мамлакат миқёсидаги мусобақаларда Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси номидан иш кўришларини тақиқлаш  тўғрисида бир овоздан қарор қабул қилди.

Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси