Бош вазир ўринбосари пойтахтимизда велойўлаклар барпо этиш юзасидан масъулларга топшириқлар берди

Бош вазир ўринбосари пойтахтимизда велойўлаклар барпо этиш юзасидан масъулларга топшириқлар берди

 

Сўнгги йилларда ҳукуматимиз томонидан халқимизнинг соғлиғини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор берилмоқда ва бу йўлда бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, аҳолини жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш мақсадида оммавий спорт тадбирлари мунтазам ўтказиб келинмоқда. Бу эса айниқса катта ёшли инсонларда қон айланишининг яхшиланиши, пировардида уларнинг саломатлиги мустаҳкамланиши ва келажакка бўлган ишончини янада ортишига хизмат қилади.

Ҳозирда кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилган «Соғлом турмуш тарзини ҳаётга кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори лойиҳаси ҳам шу йўлдаги саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми, дейиш мумкин.

Ўзбекистон фуқароларининг саломатлигини мустаҳкамлаш йўлида қилинаётган эзгу ишлардан яна бири – шаҳар кўчаларида пиёда юриш ҳамда велосипедда ҳаракатланиш учун махсус йўлакчаларнинг яратилаётганлигидир. Бу жиҳатга айни пайтда кенг жамоатчилик томонидан қизғин муҳокама қилинаётган Президент қарори лойиҳасида ҳам алоҳида тўхталиб ўтилган.

Кеча Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Абдуҳакимов бу борада пойтахтимизда олиб борилаётган ишлар билан танишди. Бош вазир ўринбосарига Жисмоний тарбия ва спорт вазири ўринбосари А.Каримов ва бошқа мутасаддилар ҳамроҳлик қилишди.

Дастлаб Азиз Абдуқаҳҳорович бу борада пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманида яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишиш мақсадида мутасаддилар ҳамроҳлигида велосипедда туманда амалга оширилаётган ишларни кўздан кечирди. Ўрганишлар давомида масъулларга тегишли топшириқлар берилди.

– Мирзо Улуғбек туманида ташкил этилган пиёда юриш ва вело йўлакчалар тажриба сифатида жорий этилмоқда. Бундан ташқари бу эзгу ишлар Юнусобод туманида ҳам давом эттирилади ва аста-секинлик билан республикамизнинг барча ҳудудларида йўлга қўйилади. Бу ишларни амалга оширишда халқаро экспертларни ҳам жалб қилган ҳолда велойўлак ҳамда пиёдалар юриши учун мўлжалланган йўлаклар фойдаланишга топширилади. Бу қилинаётган ишлар шаҳримиз аҳолиси ва чет эл фуқароларига ҳам анча қулайликлар яратади. Энг асосийси, пойтахтимиз аҳолиси ва меҳмонларга спорт билан шуғулланиши, жисмоний тарбияга ошно бўлишларига имконият ва замин яратиб берилади. Ҳозирги пайтда кенг жамоатчилик томонидан қизғин муҳокама қилинаётган оммавий спортни ривожлантиришга қаратилган янги қарор лойиҳасига кўра мунтазам пиёда юрганларга имтиёз сифатида молиявий маблағлар берилиши ҳам кўзда тутилган. Яъни, бир суткада камида 10 000 қадам ва ундан кўп пиёда юрган инсонларнинг «Соғлом турмуш тарзи» платформасидаги электрон ҳамёнига 3 000 сўм миқдорида ўтказиб берилади. Табиийки, бу барчани кўпроқ пиёда юришга ундайди, деган умиддамиз, - деди Азиз Абдуҳакимов.

Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Абдуҳакимов Тошкентнинг яна бир тумани Сергелига ҳам ташриф буюрди. Дастлаб Сергели туманидаги болалар-ўсмирлар спорт мактабида бўлиб, бу ерда ёшлар учун яратилган шароитлар ҳамда келгуси режалар билан танишди.

Шунингдек, Сергели туманини мамлакатимизда жисмоний тарбия ва оммавий спортни ривожлантириш бўйича намунавий ҳудудга айлантириш юзасидан топшириқлар берди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керак, юртимиз аҳолиси орасида жисмоний тарбия ва оммавий спортни ривожлантириш концепциясига мувофиқ, мамлакатимизнинг Қўқон шаҳри, Сергели, Нурота ҳамда Амударё туманлари намунавий ҳудудга айлантирилади ва бу ерда жорий этилган соғломлаштириш тажрибаси кейинчалик бутун республикамиз бўйлаб кенг жорий этилади.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги

Матбуот хизмати