Журналистлар учун матбуот анжумани

13 февралда Республика гимнастика бўйича болалар-ўсмирлар спорт мактаби мажмуасида оммавий ахборот воситалари журналистлари учун 15-17 февралда  Тошкентда бўлиб ўтадиган Марказий Осиё қиличбозлик конфедерациясининг кадетлар ва ўсмирлар ўртасидаги Биринчи очиқ чемпионатига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон қиличбозлик федерациясининг масъул ходимлари, миллий терма жамоалар бош ва катта тренерлари, болалар-ўсмирлар спорт мактабларининг раҳбарлари, спортчи-фахрийлар, оммавий ахборот воситаларининг журналистлари иштирок этдилар.

Қиличбозлик бўйича Ўзбекистон терма жамоасининг бош тренери Г.И.Пелих тўпланганларга миллий терма жамоа ёш спортчиларининг ушбу масъулиятли ва нуфузли  мусобақаларга кўрган тайёргарликлари тўғрисида гапириб берди.

Ўзбекистон қиличбозлик федерациясининг Бош котиби Г.Саидова ушбу Чемпионат иштирокчилари тўғрисида батафсил маълумот берди. Унда Марказий Осиё қиличбозлик конфедерациясининг барча аъзолари – Афғонистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Турманистон ва Ўзбекистон терма жамоаларининг спортчилари иштирорк этади. Чемпионатда қиличбозлик спортининг барча турлари – шпага, рапира ва сабля бўйича ўсмир ёшлар ва қизлар ўртасида шахсий биринчилик мусобақалари ўтказилади. Г.Саидова шунингдек Марказий Осиё қиличбозлик конфедерациясининг режалари – янги минтақавий мусобақалар ўтказилиши, миллий федерацияларга ёрдам кўрсатилиши,  минтақада қиличбозлик спортини ривожлантириш ва тарғиб этиш бўйича белгиланган режалар тўғрисида ҳам гапириб берди. Жумладан, Марказий Осиё қиличбозлик конфедерациясининг кадетлар ва ўсмирлар ўртасидаги  очиқ чемпионати анъанавий бўлиб қолади ва ҳар йили ўтказилади.

Ўзбекистон Қиличбозлик Федерацияси бош судьяси А.Ҳасанованинг чиқиши Марказий Осиё қиличбозлик конфедерациясининг кадетлар ва ўсмирлар ўртасидаги  очиқ чемпионати техник директорати томонидан ушбу мусобақаларни ташкил этилиши ва ўтказилишига  бағишланди.

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг масъул ходими  Б.Э.Муратов Марказий Осиё қиличбозлик конфедерацияси ташкил этилишининг аҳамияти, бу янги минтақавий ташкилотнинг  қиличбозлик спортини ривожлантириш ва тарғиб этиш, истеъдодли спортчиларни тайёрлашдаги ролига тўхтаплди.

Чемпионатнинг ташкилотчилари оммавий ахборот воситалари журналистларининг кўплаб саволларига батафсилл жавоб бердилар.