Ёш қиличбозларимиз – Осиёда биринчилар

Хитойнинг Уси шаҳрида бир йўла қиичбозлик бўйича жаҳон чемпионати билан ўсмирлар (кадетлар) ўртасида Осиё туркум мусобақаларининг навбатдаги босқичи бўлиб ўтмоқда. Бугун – 20 июль куни Усидан ажойиб хушхабар келди: Ўзбекистон терма жамоасининг аъзоси Позил Генжабоев қитъа  мусобақалари ғолиби бўлди. Шуниси диққатга сазоворки, у финал беллашувида ўзининг жамоадоши Шерзод Мамутов билан жанг олиб борди. Шерзод Осиё мусобақаларининг кумуш медали билан тақдирланди.

Ёш қиличбозларимиз Осиё мусобақаларидаги ўз ғалабаларини яқинлашиб келаётган Ўзбекистон мустақиллигининг 27 йиллигига бағишладилар.

- Президентимиз  Шавкат Мирзиёев мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга жуда катта эътибор бермоқдалар, - дейди терма жамоанинг катта тренери Нурали Носиров. – Куни кеча “Ёшлик” спорт мажмуасида қиличбозлик залининг очилиши ана шу ғамҳўрликнинг яна бир амалий ифодаси бўлди. Бу ерда спортчиларнинг шуғулланишлари ва ҳам мамлакат, ҳам халқаро даражада мусобақалар ўтказиш учун барча шарт-шароитлар яратилган. Натижада Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси Тошкентда қиличбозлик спортининг барча турлари: “Ёшлик”да  қилич  бўйичадан ташқари “Пахтакор” ва “Умид” спорт мажмуаларида шпага  ва рапира учун махсус ихтисослаштирилган қиличбозлик залларига  эга бўлди. Бу эса мамлакат терма жамоаси аъзоларининг машқларини йил бўйи узлуксиз ўтказиш учун барча имкониятларни яратди.

 Қиличбозлар учун яратилаётган қулайликлар ўз самарасини бермоқда. Яқинда  шпага бўйича миллий терма жамоамиз Ўзбекистон тарихида илк марта қиличбозлик спортида Осиё биринчилигининг совриндорлари бўлиб, бронза медаллари билан тақдирландилар. Ёш қиличбозларимиз уларнинг зафарини муносиб давом эттиришди.