МДҲ биринчи спорт ўйинларида қайси давлатлар иштирок этади

МДҲ ўйинлари пандемиядан кейинги биринчи йирик спорт мусобақасига айланиши мумкин. Ушбу мусобақалар сентябр ойининг биринчи ўн кунлигида ўтказилиши режалаштирилган.

Мустақил давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) ўйинлари сентябр ойининг биринчи ўн кунлигида ўтказилиши ва коронавирус пандемиясидан кейинги биринчи йирик халқаро спорт тадбирига айланиши мумкин, дея хабар бермоқда "ТАСС" ахборот агентлиги, Россия Федерацияси спорт вазири Олег Матициннинг журналистларга берган маълумотига таяниб.

Биринчи МДҲ ўйинлари иштирокчилари Арманистон, Озарбайжон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Mолдова, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон ва Украина мамлакатларидан иборат бўлади. Шуниннгдек, мазкур мусобақалар Ташкилий қўмитаси бошқа давлатларни ҳам иштирок этишга таклиф қилиши мумкин.

"Сентябр ойининг биринчи ўн кунлигида Қозон шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган дунёдаги биринчи йирик спорт мусобақаси
МДҲ ўйинлари ҳисобланади. Уларда 11 мамлакат, 21 спорт тури бўйича 2,5 мингдан ортиқ иштирокчи қатнашиши режалаштирилган. Умид қиламанки, бу ўйинлар бўлиб ўтади, аммо биз қанчалик қийин эканлигини тушуниб турибмиз. Яна бир бор таъкидлашни истардим: бу Россиянинг қийин шароитларда кўп спортли халқаро мусобақаларни қандай ташкил эта олишига ёрқин мисолдир ва бу пандемияни енгишга намунадир", - дейди Матицин.

Қайд этиш керакки, бу ғоя 2018 йилнинг сентябр ойида Ҳамдўстлик давлатларининг Душанбе саммитида қўллаб-қувватланди.
МДҲ ўйинларини ўтказиш тўғрисидаги қарор мустақил давлатлар Ҳамдўстлиги ҳукумат раҳбарлари Кенгашининг Москвада бўлиб ўтган йиғилишида қабул қилинган.

МДҲ ўйинларининг мақсадларидан бири - Ҳамдўстлик аъзоларининг миллий спорт турларини тарихий мерос сифатида сақлаб қолиш, уларни халқаро миқёсда тарғиб этиш ва ривожлантиришдан иборат. Ушбу мусобақалар ҳар икки йилда бир мартa ўтказилиши ҳақида қарор қабул қилинди. Дастлабки ўйинлар Россияда, кейин бошқа мамлакатларда (яъни, номлари рус тилининг алифбо тартибида жойлашган давлатлар кетма-кетлигида) ўтказилади.