Халқаро Олимпия қўмитаси президенти Томас Бах ва Япония Бош вазири Синдзо Абэ бугун видеоконференция орқали бутун дунё бўйлаб тарқалиб бораётган коронавирус сабаб Токио-2020 ёзги Олимпия ўйинларини қолдириш борасида суҳбат олиб боришди.

Ушбу мулоқотда Токио-2020 ташкилий қўмитаси президенти Мори Йоширо, Олимпия вазири Хашимото Сейко, Токио Губернатори Коике Юрико; ХОҚнинг координация комиссияси раҳбари Жон Коутс, ХОҚ Бош директори Кристоф Де Кеппер ва ХОҚ Олимпия ўйинлари Ижрочи директори Крифтов Дуби иштирок этишди.

Томас Бах ва Синдзо Абэ суҳбат давомида COVID-19 пандемиясининг инсоният ҳаёти ва бутун дунёда Олимпия ўйинларига олиб борилаётган тайёргарликка салбий таъсири уларни ташвишга солаётганини билдириб ўтишди. Суҳбат давомида ҳар икки расмий шахс Токио-2020 ташкилий қўмитасининг шу пайтгача тайёргарлик борасида олиб борган фаолияти, коронавирусга қарши курашиш йўлидаги ишига юқори баҳо беришди.

Афсуски, айни пайтда бутун дунё бўйлаб вазият оғир тус олмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Бош директори Тедрос Адхамоннинг билдиришича, вирус “юқори темпда ўсмоқда”. Тедрос Адхамон, шунингдек, жаҳон бўйича коронавирусга чалинганлар сони соат сайин кўпайиб бораётгани ва беморлар сони 375 минг нафардан ортиб кетганини ҳам маълум қилган.

Юқоридаги вазиятни инобатга олган ҳолда Бош вазир Токиода ўтадиган XXXII ёзги Олимпия ўйинларини келгуси йилга қолдириш ва уни 2021 йилнинг ёзидан кечиктирмасдан бўйича ўз таклифини билдирди. Шундан сўнг Томас Бах мазкур таклифни қўллаб-қувватлади ва атлетлар, делегация вакилларининг саломатлигини ҳимоя қилиш мақсадида Олимпия ўйинларини кечиктириш бўйича хулосага келинди.

Айни пайтда Олимпиада машъаласи Японияда қолаверади. Келгуси йил бўладиган мусобақа эса “Токио-2020” номи остида ўтказилади.