Зайнаб Дайибекова Олимпия саралаш турнирида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилади

Зайнаб Дайибекова Олимпия саралаш турнирида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилади

Хабарингиз бор, шу йил 24-26 апрель кунлари Тошкентда қиличбозлик бўйича Осиё-Океания минтақаси учун Токио-2020 Олимпия ўйинларига йўлланма берувчи мусобақа бўлиб ўтади. Унда ҳар бир давлат шарафини бир нафар спортчи ҳимоя қилади. Шу мақсадда пойтахтимизда Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари иштирокида ички саралаш мусобақаси ўтказилди.

Хабар берганимиздек, мураббийлар штаби томонидан терма жамоада энг кучли рақобат юзага келган аёллар ўртасида сабля йўналишида ана шундай мусобақа ўтказишга қарор қилинди. 30 нафардан ортиқ саблячи қизлар рақобатида маҳорат ва тажриба бобида бошқалардан устун бўлган Зайнаб Дайибекова, Севинч Исмоилова, Паола Плиего ҳамда Яна Обвинцевалар ярим финалга етиб келишди.

Финал йўлланмаси учун кечган баҳсда Дайибекова Плиегодан 15:9 ҳисобида устун келди. Иккинчи жуфтликда эса Исмоилова кутилмаганда номдор рақибаси Обвинцевани 15:11 ҳисоби билан мағлуб этди. Ҳал қилувчи баҳсда Зайнаб ва Севинч биринчилик учун кураш олиб боришди. Якунда Дайибекова яққол устунлигини намойиш қилди ва лицензион мусобақада Ўзбекистон шарафини ҳимоя қиладиган бўлди. Ҳисоб - 15:7.

Беллашувларни МОҚ ҳамда Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси раиси Рустам Шоабдураҳмонов ҳамда Пан-Америка қиличбозлик Конфедератсиясида раҳбарлик қилаётган ҳамюртимиз Виталий Логвин ҳам кузатиб боришди ва федерация мутасаддилари билан мазкур мусобақага олиб борилаётган тайёргарлик масалалари юзасидан суҳбатлашишди.

Турнир якунида МОҚ ҳамда Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси раиси Рустам Шоабдурахмонов Миллий терма жамоамиз аъзолари ҳамда тренерларга ўз миннатдорчилигини билдириб, олдинда турган нуфузли халқаро даражадаги мусобақаларда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишда ғалаба қозониш учун спортчиларимизга ишонч билдирди ва уларни руҳлантирди. Албатта, бунинг учун эса самарали меҳнат билан пухта тайёргарлик кўриш кераклигига урғу берди.

Шунингдек, Пан-Америка қиличбозлик Конфедерациясида раҳбарлик қилаётган ҳамюртимиз Виталий Логвин ҳам қиличбозларимизнинг сўнги вақтларда йирик халқаро турнирларда яхши спорт натижаларини кўрсатаётганини, яқинда Қоҳра шаҳри (Миср)да бўлиб ўтган Жаҳон кубогида ёшлар ва ўсмирлар орасида сабля бўйича Бобур Расуловнинг кумуш медалга сазовор бўлганини, бу эса ўзбек қиличбозлигининг сабля турида эришилган илк катта тарихий ғалабаси эканини эътироф этди ва келгусида спортчиларимизни янада ёрқин ғалабаларга эришишга чорлади. Бунинг учун мамлакатимизда спорт соҳасига қаратилаётган катта эътибор ва спортчиларга яратилган барча қулай шароитлар мавжуд эканини таъкидлаб В.Логвин бу каби ғамхўрликка жавобан фақат юқори спорт натижаларига эришиш кераклигини қайд этди.

Маълумот учун: қиличбозлик бўйича Осиё-Океания минтақаси лицензион турнирида ҳар бир йўналишда олтин медалга сазовор бўлган спортчилар Олимпия ўйинларига тўғридан-тўғри йўлланмани қўлга киритишади.

Биз бу йўлда ҳамюртимиз Зайнаб Дайибековага омад ва зафарлар тилаймиз.

Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси Матбуот хизмати