Ҳаётда шундай инсонлар борки, уларнинг сабр-тоқати, матонати, жасоратига қойил қоласиз. Бошига тушган мусибатни енгиб ўтиб, олға интиладиган, ён-атрофга, дунёга муҳаббат билан қарайдиган, жамиятда ўз ўрнини топишга ҳаракат қиладиган бундай кишилардан ҳар қанча ибрат олса арзийди.
Мустақиллик йилларида мамлакатимизда инсон ва унинг қадр-қиммати энг олий қадрият сифатида намоён бўлди. Айниқса, имконияти чекланган инсонларни ижтимоий ҳимоя қилиш, уларни жамиятнинг фаол аъзоларига айлантириш бўйича улкан ишлар амалга оширилди. Бу ишлар имконияти чекланган кишилар беэътибор эмасликлари, улар учун барча қатори имконият яратилганлигининг далили сифатида яққол намоён бўлмоқда.
Юртимизда имконияти чекланган инсонлар орасида спортни ривожлантириш, уларнинг бу борадаги иқтидорларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 2007 йилда Ўзбекистон Миллий паралимпия ассоциацияси ташкил этилди. Ўтган давр мобайнида ташкилот Халқаро паралимпия қўмитаси, халқаро федерациялар ҳамда миллий паралимпия қўмиталари билан фаол ҳамкорликда имконияти чекланган инсонлар ўртасида спортни янада ривожлантиришда улкан ишларни амалга оширди.
Миллий паралимпия ассоциацияси Ўзбекистон худудида имконияти чекланган спортчилар ўртасида турли даражадаги мусобақаларни ташкиллаштиради ва ўтказади. Паралимпиячиларга республика ва халқаро миқёсидаги мусобақаларга тайёргарлик кўришда тўлиқ ва сифатли шароит яратиш ташкилотнинг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади. Паралимпия ғоялари ҳамда қадриятларини мамлакат ва бутун дунё бўйлаб тарғиб қилиш, давлат ва жамият эътиборини имконияти чекланган инсонларга қаратиш ҳам Ўзбекистон миллий паралимпия ассоциациясининг асосий вазифасидир.
Ўзбекистонлик паралимпиячиларнинг илк катта мусобақаси 2010 йил Хитойнинг Гуанжоу шаҳрида ўтказилган Параосиё ўйинлари ҳисобланади. Ўшанда спортчиларимиз 1 та олтин, 2та кумуш ва 3та бронза, жами 6та медални қўлга киритишган ва умумжамоа ҳисобида 18-ўринни эгаллашган.
Сўнгра паралимпиячиларимиз 2014 йил Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳри мезбонлик қилган навбатдаги Параосиё ўйинларида сезиларди ўсишга эришишди. Мусобақаларда 22та олтин, 5та кумуш ва 4та бронза, жами 31та медалга сазовор бўлган спортчиларимиз умумжамоа ҳисобида 5-ўринни қайд этишди. Таъкидлаш керакки, ушбу Параосиё ўйинларида жами 44та мамлакат спорчилари иштирок этишган эди.
Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, 2016 йил Бразилиянинг Рио-де Жанейро шаҳрида ўтказилган навбатдаги Паралимпия ўйинлари мамлакатимиз паралимпия тарихида янги саҳифа очди десак, асло муболаға бўлмайди. Боиси, мусобақага 32 нафар спортчи билан ташриф буюрган терма жамоамиз делегацияси 8та олтин, 6та кумуш ва 17та бронза, жами 31та медални қўлга киритди ва умумжамоа ҳисобида 16-ўринни эгаллади. Эътиборлиси, айнан Рио майдонларида ўзбекистонлик спортчилар илк бор Паралимпия ўйинларида олтин медалларга сазовор бўлишди.
Яна бир эътиборга молик воқеа 2018 йил Индонезияда ўтказилган Параосиё ўйинларида қайд этилди. Аниқроғи, терма жамоамиз бу сафар ўз тарихида энг кўп спортчилар делегацияси билан ташриф буюрди. Ушбу Параосиё ўйинларида жами 53 нафар спортчимиз иштирок этди ва рекорд даражада – 75 та медаль қўлга киритди. Шуларнинг 33таси олтин, 24таси кумуш ва 18таси бронза медалларидир. Якунда терма жамоамиз умумжамоа ҳисобида 6-ўриндан жой олди.
Ўзбекистон Паралимпия ассоциацияси 2014 йил Осиёнинг энг яхши спорт ташкилоти деб топилган.
Шерзод Намозов (Дзюдо), Ўткир Нигматов (Дзюдо), Хуснитдин Норбеков (Енгил атлетика), Нозимахон Қаюмова (Енгил атлетика), Фирдавс Мусабеков (Сузиш) ва Шохсанам Тошпўлатова (Сузиш) каби спортчилар миллий паралимпиямизнинг довруғини жаҳонга ёйишда муносиб ҳисса қўшишмоқда.