Республикамиз қиличбозлари учун илк маротаба инновацион лойиҳа асосида — онлайн ўқув йиғин машғулотлари ZООМ иловаси орқали ишга туширилди

Маълумки, Ватанимиз шарафини халқаро мусобақаларда муносиб ҳимоя қилишга қодир бўлган истеъдодли спортчиларни тайёрлаш учун сўнги йилларда кенг миқёсда аввало, Президентимиз ва ҳукуматимиз, шунингдек, Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси томонидан спортчиларга яратиб берилаётган барча имконият ва шароитлар туфайли ўзбек спортчилари бугун жаҳон ареналарида муносиб  иштирок этиб, мамлакатимиз довруғи дунёга таратмоқдалар.

Ўзбекистон қиличбозлик Федерацияси томонидан 2020 йил 10 июль санасидан бошлаб республикамизнинг барча вилоятларидан истиқболли қиличбозларни жалб қилган ҳолда онлайн Ўқув-йиғин машғулотлари ишга туширилди.

Мазкур ўқув-тренинг интернетдаги ZООМ иловаси орқали учта платформада кунига икки марта (эрталаб ва кечки пайт якшанба кунидан ташқари) ҳар хил ёш тоифалари иштирокида ўтказилмоқда.

 

Биринчи платформада қиличбозлик бўйича Ўзбекистон Миллий терма жамоаси таркибига кирувчи спортчилар (104 нафар спортчи),

иккинчи платформада

2005-2007 йилларда туғилган спортчилар (111 нафар спортчи),

учинчи платформада - 2008 йилда туғилган спортчилар (103 нафар спортчи) қамраб олинган.

Ушбу машғулотларни қиличбозликнинг сабля йуналишида уч карра Олимпиада чемпиони, икки карра кумуш ва бир марта Олимпия уйинларининг бронза медали сохиби, Назлимов Владимир Аливерович, чет эллик мураббийлар - Камаджиев Мартин (Болгария), шпага йуналиши буйича Венесуелалик мутахассис - Хосе Бенавидес олиб боришмокда.

Шунингдек, машғулотларда Болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари ва Республика Олий спорт маҳорат мактаби мураббийлари ҳам қатнашмоқдалар.

Мазкур кенг қамровли инновацион онлайн лойиҳа биринчилардан бўлиб Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси томонидан илк маротаба амалиётга тадбиқ этилди.

Бундан кўзланган асосий мақсад - спортчилар эътиборини умумий жисмоний тайёргарлик ҳамда махсус машғулотларга жалб қилишга қаратилган.

Айтиш керакки келгусида қиличбозлик бўйича биринчи Республика онлайн мусобақасини ўтказиш ҳам режалаштирилган.

Бундан ташқари, ҳар куни режага мувофиқ қиличбозлик федерацияси спорт шифокорлари, психолог ва парҳезшунос, яъни спорт диетологи қиличбоз-спортчилар билан онлайн семинарлар ўтказилмоқда.

Шу билан бир қаторда ҳозирги кунда спортчилар учун алоҳида онлайн дарс ташкил этилган бўлиб, унда қиличбозларнинг билимларини янада ошириш мақсадида инглиз тили сабоқлари бериб борилмоқда.

Шунингдек, спортчиларнинг маънавий-маърифий тарбиясига бағишланган, хусусан, ватанпарварлик мавзуси доирасида махсус виде-осеминар ҳам ташкил этилган.

Ўзбекистон қиличбозлари барча юртдошларимизни мунтазам равишда жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга ҳамда карантин қоидаларига қатъий риоя қилишга чорлайди.

 

Азиз юртдошлар, карантин қоидаларига қатъий амал қилинг ва уйда қолинг!

Спорт билан ошно бўлинг!

Биз, албатта, бу кўринмас офат - коронавирусни биргаликда енгамиз!

 

ЎзҚФ Матбуот хизмати