Спортчиларнинг маънавий руҳиятини янада ошириш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида Ўзбекистон ўқ отиш спорти федерацияси мураббийлар штаби мерганлар учун маънавий-маърифий тадбир ташкил қилди. ZOOM платформасида ташкил қилинган ушбу тадбир мустақиллик йилларида ўзбек спортининг қўлга киритган ғалабалари мавзусига бағишланди. Унда спортчи ва мураббийлар, федерация вакиллари иштирок этди.

Онлайн тадбирда Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришган кундан бошлаб миллий спортни ривожлантиришга қаратилган масалаларга алоҳида тўхталиб ўтилди. Бу ташаббуснинг амалий исботи сифатида атлетларимизнинг Олимпия ўйинлари, жаҳон чемпионатлари ва бошқа йирик халқаро турнирларда қўлга киритган муваффақиятлари мисол қилиб келтирилди. Таъкидлаш жоиз, мазкур тадбирни ўтказишдан кўзланган яна бир мақсад соғлом турмуш тарзи ва спорт оммавийлигини оширишдир.

Онлайн йиғилиш якунида федерация мутасаддилари мерганлардаги ватанпарварлик руҳини ошириш, уларга ўзбек спортининг бой ва шонли ғалабалари ҳақида кўпроқ маълумот бериш мақсадида шу каби маънавий тадбирларни кўпроқ ташкил қилиш борасида хулосага келишди.