Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси (ЎҚФ) спортчиларнинг барча ёш тоифалари учун ўқув-машғулот йиғинларини ўтказмоқда. Шуни таъкидлаш керакки, федерация машғулотларга қўшимча равишда турли хил қизиқарли тадбирларни олиб боришни назарда тутган. Ушбу дастур доирасида терма жамоаларимиз учун “COVID-19 профилактикаси ва давоси” мавзусида семинар бўлиб ўтди.
ZOOM платформасида кечган тадбирда федерация вакиллари, ёш спортчилар ва уларнинг ота-оналари иштирок этишди. Маърузани ЎҚФ психологи Маъмуржон Мусаев олиб борди. Мутахассис ўз нутқида коронавирус инфекцияси, унинг тарқалиши ва олдини олиш чоралари ҳақида аниқ ва тушунарли изоҳлар берди. Шунингдек, ушбу мавзу бўйича махсус тақдимот ҳам намойиш этилиб, бу спортчиларнинг семинарга бўлган қизиқишини янада оширди. Тадбир якунида спортчилар ва ота-оналар мавзу юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди. Йиғилиш сўнгида тажрибали мутахассис спортчиларни яна бир бор спорт билан мунтазам шуғулланиш, гигиена қоидаларига риоя қилиш, кўпроқ сабзавот ва мевалар истеъмол қилиш борасида муҳим кўрсатмалар берди.