"Ёшлар куни" Муборак бўлсин!

 

Ўзбекистон қиличбозлик Федерацияси ҳамда қиличбоз-фахрийлар, мураббийлар, спорт шифокорлари ва қиличбозлик бўйича Ўзбекистон Миллий терма жамоа аъзолари 30-июнь "Ёшлар куни" муносабати билан мамлакатимиз ёшларини табриклайди.

Ёшлар куни байрами  Ўзбекистон ёшлар иттифоқи  ташкил этилган кун - 2017 йил 30 июнь санаси билан бевосита боғлиқ. 

Бугунги кунда юртимизда амалга оширилаётган ёшларга оид давлат сиёсати, жумладан Президентимиз Шавкат Мирзиёев илгари сурган "5 ташаббус" дастури ва кўплаб истиқболли лойиҳалар айнан эртамиз эгаси ва ишончи бўлмиш ёш авлоднинг порлоқ келажагини таъминлашга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Зотан мустақил давлатимиз истиқболи учун маънавияти юксак, жисмонан соғлом, интилектуал салоҳиятли ва баркамол инсонлар зарурдир.

Бугунги кунда мамлакатимиз ёшлари орасида иқтидорли ва ноёб истеъдод соҳиблари кўпчиликни ташкил этади. Улар орасида дунё спорт ареналарини забт этган машҳур спортчилар, Олимпиада ғолиблари,  Жаҳон ва Осиё чемпионлари алоҳида эътирофга лойиқ.

- Аввало бугунги "Ёшлар куни" билан қиличбоз фахрийлар номидан барча ёшларимизни самимий қутлайман, - дейди, Баходир Назиров, Қиличбозлик спорти фахрийлар Кенгаши раиси. ­- Ёш қиличбозларнинг маҳорати ва ушбу спортдаги барча жараёнларни билвосита ва бевосита кузатиб бораман. Албатта, уларга спорт соҳасида тўғри йўл кўрсатиш, ўзимизнинг бор тажрибаларимизни ёш спортчиларга ўргатиш бизнинг бурчимиздир. Биз босиб ўтган замонлар билан, бугунги кун ёш қиличбозларининг даври орасида жуда катта фарқ бор. Илгари бу каби беқиёс шароит ва имкониятлар бўлмаган. Ҳозирги кунда ёшларга яратилаётган шарт-шароитларга ҳавас қилса арзийди. Улар Интернет орқали жумлаи жаҳонга чиқиш, хорижда билим олишга эришмоқдалар.  Айниқса, ўсиб келаётган ўзбек ёшлари турли хорижий тилларни  ўрганиб, фан ва спорт олимпиадаларида ғолиб бўлиб, жаҳон аҳлини лол қолидираётгани қувонарли ҳол. Ватанпарвар, ғайратли ва шижоатли ёшларимизга кўз тегмасин.

Шунингдек, "Ёшлар куни" билан юртимиз ёшларини спорт мураббийлари номидан, қиличбозликнинг шпага йўналишида фаолият олиб бораётган Бахтиёр Ганиев, Ўзбекистон қиличбозлик Федерацияси спорт шифокорлари номидан Гулчехра Хасанова ҳамда қиличбозлик бўйича Ўзбекистон Миллий терма жамоа аъзоси, Ўзбекистон чемпиони Шерзод Мамутовлар видео-табрик йўллаб, мамлакатимиз ёшларига мустаҳкам соғлик, орзулар рўёби ва Ватанимиз равнақи йўлида улкан зафарлар ёр бўлсин, дея тилак билдирганлар.

Яна бир бор байрамингиз қутлуғ бўлсин азиз ёшлар!

ЎзҚФ Матбуот хизмати