Миллий олимпия қўмиталари ассоциацияси (ANOC) ўзининг навбатдаги Бош Ассамблеяси ўтадиган санани маълум қилди. Унга кўра, ташкилотнинг кейинги Бош Ассамблеяси 2021 йилнинг 26-27 октябрь кунлари Жанубий Кореянинг Сеул шаҳрида бўлиб ўтади.

Маълум қилинишича, Бош Ассамблея доирасида бир қатор спорт мутасаддилари ташкилотнинг махсус совринлари билан тақдирланишади. Ҳар икки тадбирга Сеулдаги Конференц-марказ (COEX) мезбонлик қилади. Меҳмонларга қулайлик яратиш мақсадида делегация вакилларини COEXга яқин бўлган “Интерконтиненталь” ва “Гранд Интерконтиненталь” меҳмонхоналарига жойлаштириш режалаштирилган.

Бу борада ANOC Бош котиби Гунилла Линберг шундай дейди: “Корея Олимпия қўмитасидан мана шундай шиддатли иш кетаётган кунларда ANOCнинг навбатдаги Бош Ассамблеяси учун муддат топишганидан мамнунмиз. Биз янги санани белгилашда барча МОҚлар учун қулай ва катта спорт мусобақалар ўтмайдиган муддатни инобатга олдик. Бу йил ANOC Бош Ассамблеясисиз ўтадиган даврда келаси йил дунёдаги барча МОҚларнинг бирлашишига, Олимпия ҳаракатининг янада ривожланишига имкон беради”.

Таъкидлаш жоиз, ANOCнинг навбатдаги Бош Ассамблеяси жорий йил Кореяда ўтиши белгиланган эди. Бироқ бутун дунёда юзага келган пандемия сабаб тадбир келаси йилга қолдирилган.