Халқаро енгил атлетика федерациялари ассоциацияси Токио-2021 Олимпиадаси учун саралаш даврини эълон қилди. Унга кўра, саралаш босқичи худди аввал тасдиқланган нормативлар асосида сақланиб қолади ва фақатгина халқаро турнирларда белгиланган натижани қайд эта олган атлетлар лицензия қўлга киритиши мумкин.
Бирорта ҳам йўлланма қўлга кирита олмаган миллий федерациялар 2021 йилнинг 23 май кунигача фақатгина марафон ва 50 километрга спортча юриш бўйича ўз номзодларини кўриб чиқиш учун халқаро ташкилотга ариза бериши мумкин. Бошқа йўналишлардаги сўнгги муддат – 21 июнь.
1 июль куни Халқаро ташкилот жаҳон рейтинги ва унга кўра Токио Олимпиадасига йўлланма олган спортчилар номини эълон қилади. 2-5 июль саналарида барча Миллий олимпия қўмиталари (белгиланган квотадан кўп спортчиси йўлланма олган ҳолатда) Олимпиада учун танлаган атлетлари номини жўнатишлари талаб этилади.