Президентимизнинг бешта муҳим ташаббуси

Спорт билан машғул ўғил-қизлар Ватан шаъни учун яшайди

Бугунги ёш полвон дўстларимизга ҳавас қиламан. Уларга яратилган имкониятлар биз учун орзу эди. Ҳатто 4-5 йил олдин ҳам ҳозиргидек шароитда спорт билан шуғулланиш мумкинлигини хаёлимизга келтирмасдик. Энг муҳими, ёшларимиз шу имкониятлардан тўлиқ, унумли фойдаланиб, юртимиз довруғини дунёга таратяпти.

Президентимизнинг бешта муҳим ташаббуси ҳақида гапирадиган бўлсак, аввало, кўз олдимизга мактабларда, қишлоқ жойларда, маҳаллаларда очилаётган спорт тўгараклари, янгидан қурилган ёки тубдан қайта таъмирланган, замонавий жиҳозланган спорт иншоотлари келади. Бугун уларда минглаб ука-сингилларимиз, ўғил-қизларимиз ўз иродасини тоблаб, кучли бўлиб вояга етмоқда.

Бешта муҳим ташаббуснинг иккинчи йўналиши айнан ёшларни жисмоний чиниқтириш, спорт соҳасидаги қобилиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратишга йўналтирилгани ҳам бежиз эмас. Боиси, спорт билан машғул ўғил-қизларнинг кундалик турмушида тартиб бўлади. Ватан шаънини кўтариш масъулияти билан яшайди.

Ўсиб келаётган ёш авлодни ватанпарварлик руҳида азму шижоатли қилиб тарбиялашда халқаро спорт мусобақаларида юксак натижаларни қайд этган спортчиларнинг бой ҳаётий тажрибаси, маҳорати ва салоҳиятидан кенг фойдаланиш самаралидир. Ана шу мақсадда Олимпия ўйинлари ғолиблари, жаҳон, Осиё чемпионлари бўлган спортчилар туман ва шаҳарларга бириктирилди, спорт мактабларига раҳбарлик лавозимига тайинланди.

Шу ўринда таъкидлашим жоизки, биз, спортчиларнинг катта авлод вакиллари ҳам ана шу имкониятлардан фойдаланаётганимиздан хурсандмиз. Андижон шаҳрида спорт мактабимиз бор, ўз маҳоратимизни қўлдан келганча ёшларга ўргатиб келяпмиз.

Бугун 350 га яқин ёш машғулотларга жалб этилган. Асосан, 3-синфдан бошлаб қабул қиламиз. Унгача бокс билан шуғулланиш истагини билдирган  ўғил-қизлар иродасини тоблаши ва аста-секин маҳоратини ошириб бориши учун  гимнастика спортига йўналтирамиз. Мактабимиздан чиққан Ҳасанбой Дўстматов, Хуршид Норматов каби профессионал боксчи ёшларимиз бор. Айниқса, қизларнинг бокс машғулотларига ўз хоҳиши билан қатнаша бошлагани мени қувонтиради. Ота-оналар ҳам бизни қўллаб-қувватлади. Райҳона, Азиза, Нигора, Жасмина, Гулшода каби шогирдларимиз ўз қобилиятини, ўзбек қизларининг жасорати ва иродасини намоён этмоқда. 

Ҳали ғалабалар олдинда. Жаҳон чемпионатларида Ўзбекистон нуфузини янада оширишни мақсад қилганмиз. Зеро, бугун ёшларга яратилган шароит ва имконият уларни фақат ва фақат меҳнат қилишга, ғалабага ундайди.

Ўткирбек ҲАЙДАРОВ,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи

yuz.uz