5 муҳим ташаббус ёшлар ҳаётида қандай кечмоқда?

5 муҳим ташаббус ёшлар ҳаётида қандай кечмоқда?

Тошкент шаҳар ҳокимлигида Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 муҳим ташаббус ижроси доирасида пойтахт ёшлари ўртасида олиб борилаётган чора-тадбирларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Тошкент шаҳар бандлик бош бошқармаси, Ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи, халқ таълими бош бошқармаси мутасаддилари иштирок этган тадбирда бу борада олиб борилаётган ишлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Маълумки, «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» давлат дастурида ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, истеъдодли авлодни қўллаб-қувватлаш, илмий-ижодий фаолияти учун шароит яратиш, ёшлар орасида спортни оммалаштириш каби қатор муҳим вазифалар белгиланган. Бу вазифалар 5 муҳим ташаббуснинг ҳам асосини ташкил этади.

Тадбирда таъкидланганидек, тегишли топшириқлар юзасидан жорий йилнинг январь-апрель ойида ёшлар ўртасида 4 минг 500 га яқин спорт мусобақалари, қарийб 6 минг 500 та маданий-маърифий ҳамда 1 минг 300 дан зиёд ҳарбий-ватанпарварлик тадбирлари ўтказилиб, уларда 781 минг нафардан ортиқ ёшлар қамраб олинди.

5 муҳим ташаббус доирасида маданият марказлари, таълим муассасалари, спорт объектларида 2 минг 877 та тўгарак очилган. Мазкур тўгаракларга 79 минг 334 нафар ёш жалб қилиниб, турли хил йўналишларда ўқитилмоқда. Бугунги кунда спорт секциялар сони 3 минг 830 тага етказилиб, уларда 194 минг нафарга яқин ёшлар шуғулланмоқда.

Анжуманда ёшлар бандлиги масаласига алоҳида тўхталиб ўтилди. Қайд этилишича, январь-апрель ойлари давомида туманлардаги уюшмаган, ишсиз ёшларнинг 5 минг 665 нафарини ишга жойлаштириш, 3 минг 876 нафарини “1+1” дастури доирасида тадбиркорларга бириктириш ҳамда 6 минг 747 нафарини ўзини-ўзи банд қилишга кўмаклашиш орқали жами 21 минг 152 нафар ёшлар бандлиги таъминланган.

– 1 минг 359 нафар ёшнинг тадбиркорлик лойиҳалари учун 148 миллиард 386 миллион сўм кредит маблағи ажратилди, – деди Ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳар Кенгаши раиси Шукрулло Анваров. –Май ойида эса ишсиз ёшларнинг 2 минг 300 нафарини бўш иш ўринларига жойлаштириш, 685 нафарини касб-ҳунарга ўқитиш, 1 минг 614 нафарини “1+1” дастури доирасида тадбиркорларга бириктириш, 280 нафарини тадбиркорликка жалб этиш режалаштирилган. 

Жорий ўқув йилида мактабни тамомлайдиган 27 минг 995 нафар битирувчидан таълимнинг кейинги босқичида ўқишни давом эттириш истагида бўлмаган 5 минг 600 нафарини касб-ҳунарга ўқитиш орқали иш билан таъминлаш чора-тадбирлари белгиланган.

Анжуманда шунингдек, ёшларни китобхонликка жалб этиш, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар, ёшларнинг таклиф ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасида қилинган ишлар ҳақида ҳам атрофлича маълумот берилди.

Гулноза БОБОЕВА, ЎзА

uza.uz