Интервью. Оилавий муносабатлар.

Ота-она ўсмир ёшдаги фарзандига эътиборлироқ бўлиши лозим

Шариат тизими бизга нафақат Аллоҳга ибодат қилиш, балки инсон ҳаётининг барча жабҳалари, хусусан, иқтисодий ҳаётни тартибга солиш ва муаммоларни ечиш илмини ҳам ўргатади. Аммо ислом молиясининг ўз талаблари бор. Унинг асосий тамойилларидан бири рибо (фоиз) ҳамда ғарар (таваккалчилик)нинг тақиқланишидир.

Ислом таълимоти кўп жиҳатдан дунёвий илмдан фарқ қилади. Бунда қарашлар, тушунчалар, ҳатто айнан ўхшаш йўналишларда ҳам мазмун-моҳият ўзгача бўлиши мумкин. Биргина ислом молиясини олайлик. У жаҳон молия тизимининг бир қисмидек тасаввур уйғотсада, аслида уларнинг ҳар иккиси тамойилларга кўра, бир-биридан ажралиб туради.

Мамлакатимизда бу борадаги тадқиқотлар, илмий изланишлар у қадар кўп бўлмагани боис, ушбу атама аксариятимиз учун янги тушунча ҳисобланади. Аммо сўнгги йилларда ёшларимиз орасида аллақачон ривожланган ислом молиясига қизиқувчилар сони ортиб бормоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 29 декабрь куни Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида “Мамлакатимизда ислом молиявий хизматларини жорий этиш бўйича ҳуқуқий базани яратиш вақти-соати келди. Бунга Ислом тараққиёт банки ва бошқа халқаро молия ташкилотлари экспертлари жалб этилади”, деган сўзлари бу борада узоқ кутилган ўзгаришларга дебоча бўлди.

Хўш, ислом молиявий хизматининг ўзи нима? Унинг тартиб-таомили, қоидалари қандай? У оддий молия тизимидан қайси жиҳатлари билан фарқ қилади? Тошкент халқаро Вестминистер университетининг стратегик ривожланиш ва маълумотлар бошқаруви бўлими бошлиғи, Туркиянинг Истанбул университетида ислом молияси йўналишида илмий изланиш олиб бораётган Сурайё ­ШОАМИРОВА билан кечган суҳбатимиз шу ҳақида бўлди.

— Мендан ислом молияси нима экани ҳақида кўп сўрашади, — дейди Сурайё Шоамирова. — Содда қилиб айтганда, ислом молияси ислом дини талаблари доирасида фаолият юритиладиган молия тизимидир. Шариат тизими бизга нафақат Аллоҳга ибодат қилиш, балки инсон ҳаётининг барча жабҳалари, хусусан, иқтисодий ҳаётни тартибга солиш ва муаммоларни ечиш илмини ҳам ўргатади. Аммо ислом молиясининг ўз талаблари бор. Унинг асосий тамойилларидан бири рибо (фоиз) ҳамда ғарар (таваккалчилик)нинг тақиқланишидир.

Ислом молия тизими фойда ва зарарни бўлишиш ҳамда реал активларга асосланган молиялаштиришни назарда тутади. Замонавий банк тизимидан фарқли равишда, унда фойда шерикчиликка асосланади. Яъни, банк мижоз талаби ҳамда молия маҳсулотлари турига қараб асбоб-ускуна, товар, хомашёлар олиб бериши ёки уларни ижарага бериши мумкин. Мазкур молиялаштириш асосида савдо амалиёти ётади. Демак, банк ва қарз олувчи лойиҳа муваффақияти ва самарадорлигида тенг ҳуқуқли бўлиб, фойдага ҳам, зарарга ҳам манфаатдор шерикларга айланади.

Ислом молияси бугунга қадар ривожланишнинг 7 та даврини босиб ўтди. Биринчи, шаклланиш даври(622–661йиллар)да ислом молия тамойиллари Арабистон ярим оролида яшовчи араб­лар томонидан қўлланилган. Ҳатто пайғамбаримиз Муҳаммад(с.а.в) ҳам ваҳий келмасидан олдин ана шу тамойилларга мувофиқ тарзда савдо қилган. Уларнинг биринчи аёли Хадича онамиз эса савдо-сотиқ қилиш учун ўз моллари билан Шом (ҳозирги Сурия) давлатига саёҳат қилган. Фойда тақсимотига асосланган шартнома асосида ўзларига ёрдамчилар ёллаган. Исломда “мудараба” деб аталувчи бу турдаги шартнома ҳозир ҳам қўлланилади. Шунингдек, бу даврда мушорака (фойда тақсимотига асосланган яна бир шартнома), саррофлик (турли пул бирликларини айирбошлаш амалиёти), мурабаҳа (насия савдо), вакиллик шартномалари (қарзни бир кишидан бош­қасига ўтказиш) ишлаб чиқилган. Шу билан бирга, ўша вақтларда рибо яъни, фоизга асосланган молиявий муносабатлар авж олган эди. Пайғамбаримиз Муҳаммад(с.а.в)га ваҳий келганидан сўнг, биринчи навбатда, рибони қўллаш тақиқланган.

Ислом молияси ривожланишининг иккинчи даври (VII–X асрлар) Уммавийлар ва биринчи Аббосийлар сулоласи ҳукмронлигига тўғри келади. Бу вақтда иқтисодиёт ва молия тизими қишлоқ хўжалигига боғлиқ ҳолда ниҳоятда ривож­ланган. Айниқса, савдо-сотиқнинг халқ орасида оммалашиши ислом молия тизимининг тараққий этишига хизмат ­қилди.

Ундан кейинги даврларда ислом молиясида баъзан ўсиш, баъзан пасайиш ҳолатлари кузатилди. Аммо ҳар қандай ҳолатда ҳам унга бўлган талаб йўқолмади. Сўнгги, еттинчи давр ислом молия­сини жонлантиришдан бошланди. Бу борада 1970 йилларда қўйилган қадам ҳозирги давргача давом этяпти. Мазкур жараёнда ислом иқтисодиёти ва молиясининг ривожланиш босқичлари таҳлил қилиниб, айни кунга келиб, ислом банкчилигида замонавий инновация пайдо бўлди. Аввалги олти босқичда юзага келган иқтисодий ривожланиш ва сиёсий ўзгаришлар таъсирида, ниҳоят, 1960 йилларда Форс кўрфази давлатларининг аксарияти замонавий банк тизимига ўта бошлади. Айнан шу даврда фоизсиз банкчиликка асос солинди. Кейинчалик (1970 – 80 йиллар) ислом банклари ва корпорациялари ташкил этила бошланди.

— Ислом молияси ҳақиқатан жуда қизиқарли мавзу. Сизнинг бу соҳага иштиёқингиз қачон пайдо бўлган?

—  Асли Қўқон шаҳрида туғилиб ўсганман. Олий таълимнинг бакалавр босқичини ҳам Қўқон давлат педагогика институтининг инглиз тили ва адабиёти факультетида тамомладим. Аммо доим иқтисод ва молия соҳасига қизиққаним боис, 2005 йилда Малайзия халқаро ислом университети (IIUM)нинг иқтисод ва менежмент бўлимига иккинчи бакалавр йўналиши бўйича ўқишга кирдим. Бу ерда ўқиш жуда мароқли кечар, ислом банкчилиги бўйича ҳам айрим дарс­лар ўтилар эди. Ҳатто ҳар бир ўтилган фаннинг охирги иккита дарсида ислом нуқтаи назаридан тушунчалар бериларди. Мен учун мутлақо янги бўлган бу маърузаларни жон қулоғим билан тинг­лардим. Бу йўналишга шу қадар қизиқиб кетдимки, ҳатто магистратура босқичини ислом молияси бўйича давом эттириш истаги пайдо бўлди. Аммо бу йўналишда нархлар бироз қимматлиги боис, ҳужжатларимни Малайзия халқаро ислом университетининг анъанавий молия йўналишига топширдим.

Бакалавр босқичида молия фанидан дарс берган устозим ҳужжатларимни анъанавий молия йўналишига эмас, балки ислом банкчилиги ва молияси факультетига топширишни тавсия қилди. Ундан бунинг сабабини сўраганимда, “Ўзбекис­тоннинг аксарият аҳолиси мусулмон, аммо сизларда бу йўналиш ҳали у қадар ривожланмаган. Бу соҳани сиз каби талабалар ўрганиб, ўз мамлакатида ривожлантирмаса, ким ривожлантиради?” деб жавоб берган эди. Ўшанда домламнинг маслаҳатига кириб, ҳужжатларимни шу бўлимга топширдим ва, буни қарангки, грант асосида ўқишга қабул қилиндим. Таълим сўнгида ўзим ният қилганимдек, Ўзбекистонда ислом банкчилигини ташкил этиш мавзусида илмий иш қилдим.

Магистратура босқичини тугатгач, орадан бир муддат ўтиб, 2017 йилда Туркиянинг Истанбул университетига докторантура босқичига ўқишга кирдим. Ҳозир “Ислом молияси маҳсулот ва хизматлари муҳандислигида рибо (фоиз)нинг яширин ҳолати” мавзусидаги илмий ишим билан бандман.

— Аёл киши учун илмни давом эттириш, айниқса, хорижда Phd қилиш осон эмас. Бу жараёнда турли қийинчиликлар бўлиши табиий...

— Менимча, кишида биринчи навбатда, кучли иштиёқ ва интилиш бўлиши керак. Чунки илмий иш қилиш ҳақиқатан анча қийин жараён. Бунда инсон, асосан, якка ҳолда ишлайди. Ҳеч ким қўлингизга тайёр нарсани олиб келиб тутқазмайди. Сизга раҳбарлик қилаётган устоз ҳам фақатгина йўналиш беради. Қолган барча ишни тадқиқотчининг ўзи амалга ошириши керак.

Одам нимагадир эришиши учун, аввало, мақсадни тўғри олиши ва унга томон оғишмай ҳаракат қилиши лозим. Илмда ҳам шундай. Биз нима истаётганимизни тўлиқ англаб етмагунимизча бирор нарсага эриша олмаймиз. Асосийси, инсон ўзи қилаётган ишидан завқланиши ва ўзи учун мотивация ярата олиши керак.

Бу жараёнда оила аъзолари, яқинларнинг қўллаб-қувватлаши ҳам муҳим аҳамиятга эга. Оиламизда ислом молияси йўналишида ўқиган ёки шу соҳада фаолият юритган кишилар бўлмаган. Шунга қарамай, ота-онам ва яқинларим мени доим қўллаб-қувватлаб келади. Уларнинг ишончи менга янада кўпроқ рағбат беради.

Бу борада устозларимнинг ҳам ёрдами катта эканини алоҳида таъкидлашим жоиз. Малайзияда ўқиган кезларим менга таҳсил берган устозларим — профессорлар Мустафо Умар, Юнус Суалҳи, Камеел Мидеен Меерадан ниҳоятда миннатдорман. Айни пайтда илмий ишимга раҳбарлик қилаётган устозим Меҳмет Сарачга ҳам ҳурматим баланд. У менга барча масалалар, хусусан, Туркия банкларидан маълумотлар олишимда доим яқиндан ёрдам бериб келади.

 — Бугун Ўзбекистонда ҳам ислом молиявий хизматларига қизиқувчи ёшлар сони ортиб бормоқда. Мазкур соҳада сифатли таълим олиш истагидаги ўғил-қизлар учун қайси халқаро олий ўқув юртларини тавсия эта оласиз?

— Ислом молияси ислом ҳуқуқшунослиги доирасида барча ислом банклари фаолиятини тартибга солувчи асосий соҳа бўлиб, унинг ўтган ўн йиллик ичидаги ўсиш суръати дунё бўйлаб бу соҳада билим олиш ва илмий изланишлар устида ишлашга бўлган қизиқишнинг кескин ошишига сабаб бўлди.

Бугун Яқин Шарқ ва Осиё мамлакатлари Туркия университетларида бакалавр, магистр ва докторлик даражаларини олиш имконияти Баҳрайн, Саудия Арабистони ёки Иордания олий ўқув юртларидагига қараганда юқорироқ. Бу борада, айниқса, Истанбул университети, Истанбул Сабаҳаттин Заим ҳамда Сакаря университетлари жуда машҳур. Вақф асосида молиялаштирилувчи Истанбул Сабаҳаттин Заим университети ислом молияси бўйича таниқли олимлар маърузаси ва маҳорат дарсларидан баҳраманд бўлиш имконияти, турли сертификатланган дастурлар тақдим қилиш ҳамда халқаро илмий-амалий анжуманлар ташкил этишда ҳам етакчи ҳисобланади.

Қатар ва Бирлашган Араб Амирлигида ҳам ислом молияси йўналишида таълим берадиган бир нечта олий таълим муассасалари мавжуд. Қатардаги Hamad Bin Khalifa, БААдаги Emirates Institute for Banking and Finance Studies ва Hamdan Bin Mohammed Smart университетлари ислом молияси бўйича бакалавр, магистр даражаси, шунингдек, таълим сертификати таклиф этувчи нуфузли муассасалардан ҳисобланади. Мазкур ОТМларнинг барчасида таълим инглиз тилида олиб борилади.

Жанубий-шарқий Осиё мамлакатлари орасида эса Малайзия ислом молияси таълими маркази ҳисобланади. Бу ердаги энг таниқли таълим муассасалари қаторига Халқаро ислом молия таълими маркази (INCEIF), Малайзия халқаро ислом университети (IIUM) ҳузуридаги Ислом банк иши ва молияси институти (IBFIM) ҳамда шариат масалалари бўйича Халқаро тадқиқот академияси (ISRA)ни киритиш мумкин.

Ҳозирда Ислом банклари нафақат мусулмон ўлкалар, балки мусулмон аҳолиси 5 фоизни ташкил қиладиган давлатларда ҳам ривожланиб бормоқда. 1975 йилда иш бошлаган Ислом ҳамкорлик ташкилотининг ихтисослаштирилган йирик тузилмаси — Ислом тараққиёт банки жаҳоннинг кўплаб давлатларида молиялаштириш ишларини олиб боради. Ўзбекистоннинг мазкур тузилма билан ҳамкорлиги 1991 йиллардаёқ бошланган. Ўшанда Ислом тараққиёт банки Бухоро шаҳридаги бир қатор тарихий обидалар реконструкцияси учун грантлар ажратган.

Мазкур ҳамкорлик алоқалари йилдан-йилга ривожланиб борди. Ўзбекистон 1996 йилдан Ислом ҳамкорлик ташкилоти, 2003 йилдан Ислом тараққиёт банкининг тўлақонли аъзосига айланди. Бундан уч йил олдин Ислом тараққиёт банки ҳамда Ўзбекистон ҳукумати ўртасида 2018-2021 йиллар давомида 1,3 миллиард АҚШ доллар миқдорида маблағ ажратиладиган ҳамкорлик стратегияси имзоланди. Мазкур стратегия асосида амалга ошириладиган молиялаштириш мамлакат ҳаётининг барча соҳалари, хусусан, қишлоқ хўжалиги, уй ва йўл қурилиши, таълим ва бошқа тармоқларни қамраб олиши белгиланди.

Бугун мамлакатимизда ислом ташкилотлари билан мустаҳкам ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган бўлсада, ислом молия хизмати биз учун нисбатан янги йўналиш ҳисобланади. Биласизми, мен ислом молиясини ўрганиш баробарида доим бу тизимни юртимизда ривожлантиришни орзу қиламан. Тан олишимиз керак, кўп йиллар давомида бизда бундай шароит деярли бўлмаган. Шу боис, Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида ислом молиявий хизматларини жорий қилиш учун ҳуқуқий базани яратишнинг вақти келгани борасидаги сўзлари мени ниҳоятда тўлқинлантирди. Бу, албатта, катта ишнинг бошланиши. Мен каби кўплаб ёшлар эндиликда ислом молия хизмати йўлга қўйилишини орзиқиб кутмоқда. Ҳозирда бир қатор банклар ўз дарчаларини очиш устида иш олиб бормоқда.

Амалий жиҳатдан олиб қарайдиган бўлсак, мамлакатимизда ислом молия хизматларини ташкил этиш зарурий эҳтиёжга айланаётганини кўриш мумкин. Боиси, банк хизматлари, кредит олиш масалаларида ҳам инсонларнинг истак­лари турфа хил. Ислом молиясини жорий этиш эса одамларнинг танлов имкониятларини оширади.

Албатта, бу ўз-ўзидан содир бўладиган жараён эмас. Ислом молиясини ташкил этиш ва ривожлантириш учун мобиль банк хизматлари, мижозлар ва банк ходимларининг ислом молияси негизлари ҳамда маҳсулотлари ҳақидаги тушунчалари, анъанавий банклар билан соғлом рақобатни амалга ошириш каби муҳим жиҳатлар тўғрисида ҳам чуқур ўйлашимиз керак бўлади. 

Мазкур тизимни юртимизда жорий этиш ва оммалаштиришда шубҳасиз, хорижда таҳсил олиб, янги ғоялар, илғор тажриба ва инновацияларни олиб келаётган ёшлар, билимга чанқоқ, юқори интеллектуал салоҳиятга эга ўғил-қизларнинг ҳиссаси катта бўлади. Зеро, менинг ҳам асосий мақсадим ислом молиявий хизматларини Ўзбекистонда ривожлантириб, амалда қўлланилишига ўз ҳиссамни қўшишдан иборат.

“Янги Ўзбекистон” мухбири Ирода ТОШМАТОВА суҳбатлашди.