Хотира ва қадрлаш кунига бағишланади

Аввал маълум қилинганидек, Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган мамлакат очиқ чемпионати туркум мусобақаларини ўтказмоқда.

Мамлакатнинг навбатдаги очиқ чемпионати Андижонда бўлиб ўтмоқда. Унда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри спортчилари иштирок этмоқда.

Ушбу мусобақаларнинг шпага тури бўйича қизлар ўртасидаги шахсий мусобақалар финалида Қорақалпоғистон Республикасидан Дилноза Муртозоева ва Тошкент шаҳридан Алия Алибекова учрашди. Дилноза яна бир бор Қорақалпоғистон қиличбозлик мактаби устунлигини исботлади ва турнир чемпиони бўлди.  Мусобақаларда Алия Алибекова кумуш медаль билан тақдирланган бўлса, учинчи ўринни Қорақалпоғистон Республикасининг яна бир вакили Паризод Отабоева ва андижонлик Маржона Абдумаликова беллашди.

Мамлакат очиқ чемпионатининг қиличбозлик спорти ушбу турининг қизлар ўртасидаги жамоавий мусобақаларида пойтахт спортчилари ғолиб чиқдилар.  Иккинчи ўрин Қорақалпоғистон Республикаси терма жамоаси аъзоларига учинчи ўрин эса Тошкент вилояти қиличбозларига насиб этди.

Шпага бўйича ўғил болалар ўртасидаги жамоавий мусобақаларда 13 жамоа спортчилари иштирок этди. Финал беллашувида Андижон ва Қорақалпоғистон Республикаси терма жамоалари аъзолари куч синашди. Бу сафар  чемпионат мезбонлари кучлироқ чиқди. Улар ғолиб бўлдилар, иккинчи ўринни Қорақалпоғистон Республикаси, учинчи ўринни эса Тошкент вилояти вакиллари эгаллади.

11 май куни рапира бўйича шахсий ва жамоавий мусобақалар бўлиб ўтди. Шахсий мусобақаларда ўғил болалар ўртасидаги беллашувларда 32 спортчи куч синашди. Муросасиз жанглар натижасида чемпионлик Андижон вилояти вакили Радмир Семенеевга, иккинчи ўрин Тошкент шаҳридан Бобур Ўрозалиевга, учинчи ўрин Фарғона вилоятининг вакиллари Илёсбек Маъруфжонов ва Абдулазиз Турғуновга насиб этди.

Рапира бўйича ўғил болалар ўртасидаги жамоавий мусобақаларда биринчи ўринни Ж.Маъруфжонов, М.Музиддинов, Д.Попов, Р.Семенеевдан иборат. Андижон – 1 жамоаси, иккинчи ўринни – А.Белоцерковский, М.Мўминов, Б.Ўрозалиевдан иборат Тошкент – 1 жамоаси, учинчи ўринни, И.Маъруфжонов, Х.Мўминов, ва А.Турғуновдан иборат Фарғона вилояти жамоаси эгаллади.

Рапира бўйича қизлар ўртасидаги мусобақа шоҳсупаси энг тўрига финал беллашувида Мисриё Мирзажоновани мағлубиятга учратган Маржона Усмонова кўтарилди. Учинчи ўринни Ойдиной Намишмерова ва Мафтуна Давроновалар эгаллади.

Рапира бўйича қизлар ўртасидаги жамоавий мусобақаларда К.Аллабердиева, Н.Давронова, М.Мирзажонова, Ф.Турғуновадан иборат аралаш жамоа аъзолари  ғолиб бўлди. Иккинчи ўринни Андижон-1, учинчи ўринни Андижон-2 жамоалари эгаллади.

15-16 май кунлари мамлакат очиқ чемпионатининг сабля бўйича мусобақлари бўлиб ўтади.