Ўзбекистон қиличбозлик федерациясига янги раҳбар тайинланди

15/07/2017

Миллий олимпия қўмитасида Ўзбекистон қиличбозлик федерациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов Конференцияси бўлиб ўтди.

Ушбу конференцияда федерация раиси лавозимига хақиқий спорт жонкуяри, кўп йиллар давомида Ўзбекистон Республикаси Макроиқтисодиёт ва статистика вазири, Тошкент шаҳар ҳокими лавозимларида фаолият юритган, ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўта муҳим ижтимоий, маданий ва тарихий аҳамиятга молик объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш дирекцияси раиси Рустам Мавзурович Шоабдураҳмонов номзоди илгари сурилди.

Делегатлар Рустам Шоабдураҳмонов номзодини бир овоздан маъқуллашди ва уни қилизбозлик федерацияси раиси лавозимига сайлашди. Шунингдек, Ўзбекистон қиличбозлик федерациясининг Бош котиби лавозимига шу пайтга қадар федерация раис ўринбосари лавозимида ишлаб келган Муҳаммад Ҳумоюн Ибрагимов бир овоздан сайланди.  

Конференция якунида федерацияга янги сайланган раис Рустам Шоабдураҳмонов сўз олиб, унга билдирилган юксак ишонч учун энг аввало давлатимиз раҳбарларига, шунингдек, Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси ва Миллий олимпия қўмитасига ўз миннатдорчилигини изҳор қилди.

 -“Зиммамга қандай масъулиятли вазифа юкланаётганлигини жуда яхши тушуниб турибман. Шуни ишонч билан айта оламанки, Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси ишини янги босқичга олиб чиқиш, спортнинг ушбу турини янада ривожлантириш ва оммавийлаштириш йўлида бор имкониятларимни ишга соламан. Ўз навбатида менга билдирилган юксак ишонч учун миннатдорчилик изҳор этаман” – деди Рустам Шоабдураҳмонов.  

Таъкидлаш лозимки, олдинда қиличбозлик федерациясини ўта масъулиятли давр кутиб турибди. Турли ёш тоифаларидаги қитъа ва жаҳон чемпионатлари, нуфузли халқаро турнирлар, Осиё ўйинлари каби мусобақалар орқали спортчиларимиз тўрт йилликнинг энг муҳим старти – Токио 2020 Олимпия ўйинларига муносиб тайёргарлик кўришлари лозим. Ўйлаймизки бугун амалга оширилган ўзгаришлар узоқ куттирмай ўз самарасини беради. Шунинг билан Конференция ўз ишини якунланди.