Ғолиблар ворисларининг ғалабалари

Ғолиблар ворисларининг ғалабалари

 

         9 май – Хотира ва қадрлаш куни бутун мамлакатимизда умумхалқ байрами сифатида нишонланиб, Иккинчи жаҳон уруши йилларида жанг майдонларида мардлик ва жасорат кўрсатган қаҳрамонлар, фронт ортида фидокорона меҳнат қилган жафокашлар эъзозланди. Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёвнинг фахрийларимизга мурожаат қилиб, “Сизларнинг мардлик ва матонатингиз, меҳнат жасоратингиз бугунги ва келгуси авлодлар учун ҳамиша ибрат намунаси бўлиб қолади” деган  даъватларига амал этган ҳолда Хотира ва қадрлаш куни шарафига Тошкентда қиличбозлик спортининг барча уч тури бўйича Очиқ республика биринчилигини ўтказди.

         16 ёш ва ундан кичик спортчилар ўртасида бўлиб ўтган ушбу шахсий мусобақаларда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан ҳамда Қозоғистондан келган 250 тадан кўпроқ  ўсмир ўғил  ва қиз бола қиличбозлар рапира, шпага ва сабля бўйича куч синашди.

         Ҳозирги пайтда Қорақалпоғистон Республикасида қиличбозлик спорти кенг оммалашаётганлигини, айниқса бу ерда сабля қуроли бўйича истеъдодли спортчилар тайёрланаётганлигини мамнуният билан таъкиллаш керак. Бугунги кунда спортнинг мазкур олимпия тури иҳлосмандлари нукуслик Зайнаб Дойибекованинг номини яхши билишади. У яқиндагина 2019 йилги Ўзбекистон чемпиони унвонига сазовор бўлди. Айни пайтда у  2015 йилда миллий терма жамоамизнинг аъзолари Шаҳноза Тоғаймуродова ва Севилья Худойберганова билан Дубайда, 2019 йилда эса Иорданияда  Севинч Исмоилова ва  Ойсулув Уснатдинова билан Осиё  чемпионатининг шоҳсупасига кўтарилиб, бронза медалларини қўлга киритган. Шу билан бирга у Тошкентда ўтган йили ўтказилган Марказий Осиё қиличбозлик конфедерацияси биринчи очиқ чемппионатининг олтин медаль  соҳибаси ҳамдир.

         Хотира ва қадрлаш куни шарафига ўтказилган  республика очиқ турнирида ҳам Қорақалпоғистон Республикаси ёш қиличбозлари ўз маҳоратларини яққол намоён қилишди. Мусобақаларнинг финал баҳсида қорақалпоғистонлик Фозилбек Генжабоев Қозоғистон спортчиси Айтмирза Нусратдан катта устунлик билан – 15:3 ҳисобида  ишонарли ғалаба қозонди. Шуниси эътиборлики, учинчи ўрин ва бронза медаллари ҳам Қорақалпоғистон  Республикаси қиличбозлари Зиёд Дадахонов ва  Алпанияз Ешжановга насиб этди.

         Ўсмир қизлар ўртасида сабля бўйича беллашувлар финалида ҳам  Қорақалпоғистон Республикаси вакилалари Гулбону Есемуротова ва Гулистан Пардабоева  чемпионлик учун жанг қилишди. Гулбону дугонасига қараганда чаққонроқ ва  маҳоратлироқ эканлигини беллашув унинг фойдасига 15:6 ҳисобида ҳал бўлганлигидан билса бўлади.

         Қиличбозлик спорти бу турида рақобат кучли эканлигини мамлакат терма жамоаси сафидан ўрин олган Тошкент вилояти спортчиси Севилья Худойберганованинг учинчи ўрин ва бронза медали билан чегаралангшанлиги далолат беради. Фаҳрий шоҳсупанинг учинчи шоҳсупасига, шунингдек жиззахлик Жасмина Абдуллаева  ҳам кўтарилди.

         Республика очиқ турнирининг рапира қуроли бўйича мусобақаларда эса андижонлик қиличбозлар ўз маҳоратларини намойиш қила олдилар. Ўсмирлар ўртасидаги мусобақа финалида шу вилоят спортчиси Муҳаммадюсуф Асранов Радмир Семеневни 15:10 ҳисобида мағлубиятга учратди. Тошкентлик Илёс Молин ва Баҳтиёр Собиржонов бронза медаллари билан тақдирландилар.

         - Бугунги ғалаба мен учун жуда қадрлилир, - дейди турнир чемпиони Муҳаммадюсуф Асранов. - Иккинчи жаҳон уруши йилларида боболаримиз мислсиз матонат ва жасорат кўрсатиб, душманга қарши қаҳрамонона жанг қилишган ва орзиқиб кутилган ғалабани қўлга киритишган. Биз ҳам ҳозир  қўлимизга қурол ушлаганига қарамасдан тинч осмон остида фақат маҳорат ва эпчилликда куч синашяпмиз. Аммо фикран уларга муносиб ворис эканлигимизни исботлашга ҳаракат қилдик.

         Ўзбекистонда  давлатимиз раҳбари томонидан спортни ривожлантиришга жуда  катта эътибор берилаётгани ҳаммамизни қувонтирмай қолмайди. Андижонда ажойиб қиличбозлик спорт зали барпо этилган. Бундай спорт заллари бошқа вилоятларда ҳам очиляпти. Умуман яқин икки йил ичида ҳар бир туманда спорт заллари қуриш режалаштирилди.

         Имкониятдан фойдаланиб, барча тенгдошларимизни жисмонан чиниқиш, ўзида чаққонлик, жасурлик,  матонат фазилатларини шакллантириш учун спорт билан шуғулланишга чақирган бўлардим. Спорт билан бугун дўстлашсангиз у  бутун умрингиз давомида  сизга ёрдам беради.

         Рапирачи қизлар ўртасидаги мусобақаларда ҳам андижонлик Маржона Усмоновага тенг келадиган рақиб топилмади У қаршилик Анастия Петровани 15:8 ҳисобида доғда қолдирди ва турнир чемпиони бўлди. Бронза медаллари билан Ораста Абдуллаева ва Екатерина Таджирова тақдирландилар.

         Турнирда қиличбозлик спорти бўйича истеъдодли спортчилар бошқа вилоятларда ҳам  кўплиги шпага бўйича мусобақларда яна бир бор ўз исботини топди. Бу сафар бухоролик Азизбек Наимов ўз маҳоратини намойиш қила олди. У финалда андижонлик Мирзоулуғбек Мўминов устидан ғалаба қозониб, чемпионликни қўлга киритди. Учинчи ўрин ва бронза медаллари яна бир бухоролик Абдурасул Абдуллаев ҳамда тошкентлик Зафар Сиддиқовга насиб этди.

         Ўсмир қизлар ўртасидаги мусобақаларда эса ниҳоят пойтахтлик шпагачилар ҳам ғалаба нашидасини сурдилар. Мусобақанинг чемпионлик учун курашини ҳал қилувчи  финалида икки тошкентлик шпагачилар Севара Раҳимова ва Рада Қосимбетова учрашди. Севара ўз дугонасидан эпчилров эканлигини исботлай олди ва олтин медални қўлга киритди.

         Яга бир пойтахтлик Омина Зарипова ҳамда Тошкент вилоятидан Ойдиной Абдулазизова  бронза медаллари билан тақдиландилар.

         - Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан яқин ҳамкорликда Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан  мамлакатимизнинг барча вилоятларида ҳам ана шундай мусобақалар туркумини ўтказмоқда, - дейди федерациянинг Бош котиби Гулнора Саидова. – Бундан кўзланган асосий мақсад ёшларимиз ўртасида ватанпарварлик қадриятлари, кекса авлодларнинг шонли анъаналарига содиқлик руҳини тарбиялаш билан бирга  қиличбозлик спортини кенг тарғиб қилиш, истеъдодли спортчиларни аниқлашдир.